Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида Халқаро армия ўйинлари дастуридаги “Ҳарбий-тиббий эстафета”нинг яккалик баҳслари қизғин давом этмоқда.
25 август куни иштирокчи жамоалар вакиллари – кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда ҳайдовчилар таркиби эркаклар ва аёллар гуруҳларига бўлинган ҳолда ягона тўсиқлар йўлагидан ўтиш комплекс машқларини бажаришди.
Жумладан, мусобақа қатнашчилари 400 метр масофали ягона тўсиқлар йўлагида граната улоқтириш, АК-74 автоматини нотўлиқ қисмларга ёйиш ва йиғиш, чуқурликлардан ва сунъий девор тўсиқларидан ўтиш, туннел, лабиринт ҳамда маълум баландликдаги йўлакдан ўтиш, зигзаг усулида ҳаракатланиш, ўқ-дори қутиларини бир ердан иккинчи ерга кўчириш каби қатор мураккаб машқларни босқичма-босқич бажариб, финиш чизиғига етиб келишди.
Томошабинлар ҳам ўз навбатида мазкур “қувноқ стартлар”ни катта қизиқиш ва завқ билан кузатиб, ҳар бир иштирокчини олқишлар садоси остида қўллаб-қувватлаб туришди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида бугунги шарт бўйича Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи, Хитой Халқ Республикаси иккинчи ва Россия Федерацияси вакиллари учинчи ўринларни эгаллади.
Шунингдек, ҳамюртларимиз аввалги рекордларни янгилашди. Ҳайдовчилар таркибида контракт бўйича ҳарбий хизматчи кичик сержант Муҳиддин Тешаев 2 дақиқа 27,1 сония, контракт бўйича ҳарбий хизматчи кичик сержант Валижон Бегалиев 2 дақиқа 24,2 сония вақтларни кўрсатиб, янги рекордларни ўрнатдилар.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, аёллар ўртасида контракт бўйича ҳарбий хизматчи кичик сержант Шоҳида Раҳимова 2 дақиқа 48,1 сония натижа билан янги рекордни ўрнатди.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртларимиз мусобақанинг аввалги шартларида ҳам серияли ғалабаларни қайд этишганди.
Муҳаммаджон Хўжаев,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА