Арманистон Конституцияни ўзгартирмоқчи (+видео)
Арманистон ҳукумати янги Конституция лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда мамлакат Мустақиллик декларациясидаги Арманистон ва Тоғли Қорабоғни бирлаштириш ҳақидаги бандга ишора олиб ташланган. Бу ўзгаришдан кўзланган мақсад – Озарбайжоннинг ҳудудий даъво бўйича эътирозини бартараф этиш ва икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишига йўл очиш, дея хабар берган DW.
Озарбайжон воқеани ижобий баҳолаган, Арманистон мухолифати эса ҳукуматни Боку босимига ён беришда айбламоқда. Экспертлар Конституцияга ўзгариш киритилиши ўз-ўзидан тинчлик шартномаси имзоланишини кафолатламаслигига эътибор қаратяпти. Яъни, транспорт йўлакларини очиш ва минтақадаги кучлар мувозанати ҳам муҳим масала бўлиб турибди.
Энди асосий масала – Конституция лойиҳасини парламентда референдумга чиқариш учун етарли овоз тўплаш ва халқнинг қўллаб-қувватловига эришиш. Хуллас, таҳлилчилар фикрича, Конституциядан Қорабоғ билан боғлиқ ишора олиб ташланиши тинчлик жараёнидаги муҳим қадам бўлса-да, Арманистон ва Озарбайжон келишмовчилиги тўлиқ бартараф этилганини англатмайди.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА