Арманистон Эрон ва Ҳиндистондан сотиб олинган ҳаво мудофааси тизимини синовдан ўтказди
Арманистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбий хизматчилари Эрон ҳамда Ҳиндистондан харид қилинган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қўллаган ҳолда ўтказган ҳарбий машғулотдан лавҳа тарқатди.
Бу ҳақда “Озод Эрон” нашри хабар берди.
Ўқув машғулотида Ислом Республикасининг қисқа масофага учадиган ва нисбатан пастдаги нишонни уришга мўлжалланган “Мажид” ҳамда Ҳиндистоннинг ўрта масофали “Акаш” ҳаво мудофааси тизими намойиш этилган.
Ереван ва Теҳрон ҳарбий ҳамкорлиги кўлами кенгайиши асносида юз берган ушбу воқеа Ереваннинг хавфсизлик сиёсатидаги зиддиятли ҳолатини яққол кўрсатади. Мамлакат бир томондан Ғарб давлатлари билан ҳарбий-сиёсий алоқани мустаҳкамлашга интиляпти, иккинчи томондан АҚШ ва Ғарб томонидан кучли босимга учраётган Эрон билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.
Теҳрон ҳаво мудофааси тизими Арманистон ҳудудида намойиш қилиниши айни алоқалар шунчаки сиёсий баёнот билан чекланиб қолмай, амалий ҳарбий-техник босқичга ўтганидан далолат беради.
Ф.Яхшибоева, ЎзА