Арктика музи эриши Қозоғистонга қурғоқчилик олиб келадими?
Арктиканинг Баренц ва Кар денгизларида қишда денгиз музи кам йиғилган йиллари Шарқий Европа ва Қозоғистон учун ёз қуруқ келиши аниқланди. Бундай хулосага Германия ва Руминия олимлари келган.
“Казинформ” хабарига кўра, Альфред Вегенер институти ва Бухарест университети тадқиқотчилари 1901-2017 йиллар оралиғида Арктика музи ҳолати ва қурғоқчиликка оид маълумотни ўрганган. Натижада Баренц ва Кар денгизларида қишда муз кам тўпланган йиллардан кейин Руминия ва Украинадан Қозоғистонгача бўлган ҳудудда ёзги қурғоқчилик тез-тез кузатилиши аниқланди.
Олимлар муз қоплами камайиши ҳаво ҳаракатига таъсир қилишини таъкидлаган. Шу тариқа минтақада шаклланадиган юқори босимли барқарор ҳудуд булут ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади ва ҳаво ҳарорати кўтарилади.
Тадқиқот хулосасида Арктика музи кам бўлса, минтақа юзасига тушадиган қуёш энергияси ўртача миқдори ҳар квадрат метрга 5,35 ваттга тенг бўлган. Тафовутнинг тахминан 57 фоизи булут камайишига боғлиқ.
Натижа мутахассисларга қурғоқчилик эҳтимолини олдиндан баҳолашга ёрдам бериши мумкин. Айниқса ёғин камайиши ғалла ҳосилига салбий таъсир кўрсатадиган қишлоқ хўжалиги ҳудудлари учун ушбу маълумот жуда муҳим.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда муз эриши ва сув танқислиги йил сайин жиддий муаммога айланмоқда.
А.Маматов, ЎзА