Европа давлатлари ва Қўшма Штатлар муҳим ресурслар бўйича Хитойга қарамликни камайтириш учун янги имконият изламоқда. Масалан, Гренландияда ноёб ер ости қазилмалари захирасига эга дунёдаги энг йирик конлар жойлашган. Бундай моддалардан электромобиль, кучли магнит, илғор қирувчи самолёт, сув ости кемаси, смартфон, телевизор экрани каби кўплаб зарур маҳсулотларнинг муҳим қисмлари тайёрланади.
Сўнгги пайт шу муҳим минераллар Хитой ва бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Пекин ва Вашингтоннинг сўнгги савдо музокарасида айни омил муҳим ўрин эгаллади, дейиш мумкин.
Ўтган ҳафта AҚШ молия вазири Скотт Бессент икки давлат ноёб металларни Америкага етказиб беришни осонлаштирадиган келишувга эришганини маълум қилди.Гренландия конлари эса ноёб металларга эҳтиёжни қондирадиган қўшимча восита сифатида кўриляпти.
Президент Дональд Трамп Европа ва Aмерика орасидаги стратегик мавқега эга бу улкан орол устидан назоратни қўлга киритишдан Вашингтон манфаатдорлигини бир неча бор билдирган. Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен Америка етакчисининг баёнотлари ҳурматсизлик эканини таъкидлаб, Гренландия “ҳеч қачон қайсидир давлат томонидан сотиб олинадиган мулк бўлмаслиги”ни айтган. Бинобарин, ҳукумат кўпроқ конлар очилиши учун ЕИ ва АҚШ сармоя киритишидан ҳам умидвор.
Мутахассислар фикрича, ҳозир стратегик муҳим минералларнинг асосий етказиб берувчиси Хитой ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, айниқса орол шарқий қисмида фойдали қазилмаларнинг тасдиқланган салмоқли захираси мавжудлиги ҳисобга олинганда, Гренландия жуда муҳим манзил.
Тоғ-кон компаниялари қарор қабул қилишда биринчи навбатда лойиҳанинг иқтисодий жиҳатига эътибор беради. Гренландия билан боғлиқ мураккаб омиллардан бири шундаки, қазилмаларнинг 80 фоизи муз остида, яъни ресурсни қазиб олиш харажати бошқа жойларга нисбатан юқори бўлиши мумкин.
Албатта, гренландияликлар ҳам қазилма бойликдан фойдаланишдан манфаатдор. Фақат улар сармоя киритмоқчи бўлган компаниялар экология қоидасига амал қилиши учун қатъий талаб қўйишади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/MxZrjEnJKt4?si=VQMc87_9Bmhsi0Xt" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА