АҚШ ва Эрон тўқнашуви: минтақада вазият қандай?
1 сентябрь куни АҚШ томонидан Эрон ҳудудидаги стратегик объектларга берилган зарба ортидан икки мамлакат ўртасидаги кескинлик янада кучайди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CentCom) маълумотига кўра, амалиёт Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг Ҳурмуз бўғозидаги савдо кемалари ва АҚШ ҳарбийларига қарши ҳатти-ҳаракатига жавобан амалга оширилган. Марказий Европа вақти билан соат 18:00 дан тунги 1:00 гача давом этган ҳужум натижасида Бандар-Аббос, Сирик, Қешм ороли ҳамда Чобаҳор, Конарак ва Жирофт аэропорти атрофида кучли портлашлар қайд этилди. Бунга жавобан ИИМК ракета ва дрон ёрдамида АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига нишонли зарбалар бергани ҳамда Ҳурмуз устидан назорат янада кучайтирилиши маълум қилинди.
Теҳроннинг жавоб чораси ортидан Президент Дональд Трамп “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Ислом республикасига қарат янада қақшатқич зарба берилиши, эҳтимолий учинчи ҳужум содир бўлса, мамлакат давлат сифатида бутунлай йўқ қилинишидан огоҳлантирди. Шунингдек, у Теҳрон билан дипломатик музокара ўтказиш ва битим тузиш истиқболига шубҳа билан қарашини билдириб, илгари берилган кўплаб имкониятга қарамай, Эрон билан тузиладиган ҳар қандай келишув қиймати йўқолганини таъкидлади.
Демак, бир неча ҳафталик нисбий сукунатдан сўнг Яқин Шарқда кенг кўламли низонинг янги тўлқини авж олиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА