АҚШ давлат департаменти расмий вакили Мэттью Миллер Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан Украина инқирозини келтириб чиқарган асосий сабабларни бартараф қилиш бўйича илгари сурилган таклифни маъқулламади.
– Европада ҳеч ким Россияга таҳдид қилмаяпти, – таъкидлади у. – Бирор ҳарбий хатар йўқ, ҳеч бир давлат Россия ҳудуди ёки ерини тортиб олиш ниятида эмас. Россия амалда ўз чегарасида наммоён бўлаётган демократияни ўзига таҳдид сифатида қабул қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Вашингтон Москва нуқтаи-назарини инкор этади, дипломатия йўли билан адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун Киев билан ҳамкорлик қилишда давом этади.
Сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисида Сергей Лавров Европа инқирозини ҳал қилиш муаммонинг илк сабабларини бартараф қилиш билан давом эттирилиши керак, яъни Россияга Европадан келаётган хавфни олиб ташлаш учун аниқ қадамлар қўйилиши керак, дея баёнот берганди. Шунингдек, у РФ Президенти Владимир Путин Украинада тинчлик ўрнатиш шартларини маълум қилганини ҳам эслатиб ўтган.