АҚШ учинчи кун кетма-кет Эронга зарба бермоқда
Қўшма Штатлар Эрон ҳудудига кетма-кет ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда. Президент Дональд Трамп кескин вазиятга қарамай, дипломатик ечимдан умид узилмаганини таъкидлаб, “Келишув ҳали ҳам мумкин”, дея баёнот берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, беш соат давом этган амалиёт чоғида Бушеҳр, Чобаҳор, Жаск, Конарак, Абу Мусо ва Бандар Аббосдаги ҳарбий объектлар нишонга олинди. Оқ уй раҳбари бу ҳаракатлар орқали рақибнинг ҳужум салоҳияти изчил чекланаётганини айтиб, Ҳурмуз бўғози устидан назорат кучайтирилаётганини қайд этди.
Теҳрон ҳам жавобни кечиктирмади. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (IRGC) Баҳрайндаги нишонларга ракета ва дронлар йўллаганини, шунингдек, Ҳурмуз бўғозида Бирлашган Араб Амирликлари билан боғлиқ икки танкерга ҳужум қилинганини эълон қилди. БАА Мудофаа вазирлиги воқеа оқибатида бир денгизчи ҳалок бўлгани, яна саккиз киши жароҳатланганини маълум қилди.
Можаронинг асосий нуқтасига айланган Ҳурмуз бўғози орқали тинч даврда жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газнинг қарийб бешдан бир қисми ташилади. Вашингтон энди ушбу денгиз йўлагидан фойдаланувчи кемалар учун тўлов жорий этиш ғоясини ҳам илгари сурмоқда. Бу ташаббус халқаро энергетика бозорида янги баҳсларга сабаб бўлиши кутилмоқда.
Бу орада Теҳрон июнь ойида музокараларга асос бўлган меморандум “инқироз ҳолатига келиб қолгани”ни тан олди. Шунга қарамай, Трамп икки томон ўртасидаги мулоқотни қайта тиклаш имконияти сақланиб қолаётганига ишонишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, томонлар бир неча кун аввал келишувга жуда яқин келган, аммо музокаралар кутилмаганда тўхтаб қолган.
Мусулмон Зиё, ЎзА