АҚШ тажрибаси асосида замонавий логистика ечимлари жорий этилади
Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Америка Қўшма Штатларига амалий ташриф доирасида Чикаго шаҳрида транспорт ва логистика соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ ватандош тадбиркорлар билан учрашди.
Бевосита логистика компанияси ҳудудида ташкил этилган сайёр мулоқот давомида юк ташиш хизматларини такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро логистикада қўлланилаётган илғор ечимлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ташриф чоғида компаниянинг замонавий логистика инфратузилмаси, юкларни қабул қилиш, ташиш ва етказиб бериш жараёнлари, диспетчерлик бошқаруви тизими, хавфсизлик стандартлари ҳамда рақамли мониторинг механизмлари билан яқиндан танишилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ташқи савдо юкларининг асосий қисми автомобиль транспорти орқали ташилаётгани боис, АҚШнинг автоташувлар соҳасидаги тажрибаси мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, рақамли бошқарув, логистика занжирларини оптималлаштириш ва юк ҳаракатини онлайн назорат қилиш бўйича ечимлар соҳа самарадорлигини янада ошириш имконини беради.

Шу муносабат билан Божхона қўмитаси раиси ватандош тадбиркорларни ўзлари эришган илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни Ўзбекистонда ҳам кенг жорий этишга чақирди. Бу эса ўз навбатида божхона расмийлаштируви жараёнларини тезлаштириш, халқаро ташувлар сифатини яхшилаш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Учрашув транспорт, логистика ва таъминот занжири хизматлари соҳасида муваффақиятли фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар билан очиқ ва самимий руҳда ўтди. Томонлар келгусида ҳам ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА