Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Америка Қўшма Штатлари Савдо вакили Кетрин Тай хоним бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Кетрин Тай хоним 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнат соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди.
– Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича олиб борган ишлари АҚШ томонидан олқишланади, – дейди Кетрин Тай. – Шунингдек, меҳнат қонунчилигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар учун Ўзбекистон томонини табриклаймиз.
Мулоқотда 2019 йилда АҚШ Ўзбекистон пахтасини Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқаргани, 2020 йилда АҚШ томонидан мамлакатимизга нисбатан қўлланган 12 йиллик GCP мониторинги тугатилгани, шунингдек, 2022 йилда “Cotton Campaign” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларига эълон қилинган бойкоти бекор қилингани катта мамнуният билан қабул қилинадиган воқелик экани қайд этилди.
Меҳмонлар қўлга киритилган бу каби ютуқлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда сиёсий иродаси туфайли эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, АҚШ Савдо вакили Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига тез фурсатларда қўшилишини Қўшма Штатлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Мулоқотда Ўзбекистон АҚШ Меҳнат вазирлиги, Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази ва Бирдамлик маркази билан турли соҳаларда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, қонунчиликни таъминлаш ва такомиллаштириш, шу орқали халқаро меҳнат стандартларини амалиётга жорий қилиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани қайд этилди.
Кетрин Тай хоним ҳозирда АҚШ Ҳукумати ишчи-ходимлар ҳуқуқларига устуворлик берувчи янги савдо сиёсатини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб, келажакда мажбурий меҳнатни келтириб чиқарувчи хавфларни эрта аниқлаш, касаба уюшмалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, меҳнат инспекторлари ҳуқуқларини кенгайтириш йўналишларида ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА