АҚШ Президентининг инаугурацияси Америка сиёсий ҳаётидаги энг қадимий анъаналардан бири ҳисобланади ва 1841 йилдан буён ҳозирги кўринишда давом этиб келяпти.
Бу борадаги қомусий бандда фақат қасамёд қабул қилинадиган сана ва зарур сўзлар келтирилган. Қолган қоидалар анъаналар билан белгиланади.
АҚШ Конституциясига 1933 йил киритилган 20-ўзгаришга мувофиқ, Президент ва вице-президентнинг ваколати 20 январь куни тушда тугайди. Бинобарин, шу лаҳзадан уларнинг ворислари муддати бошланади.
Инаугурация ҳеч қачон якшанбага белгиланмаган. Агар 20 январь шу кунга тўғри келса, давлат раҳбари якка тартибда қасамёд қилади, оммавий маросим эса эртасига ўтади.
1901 йилда жорий этилган тартибга кўра, парламентнинг махсус қўшма қўмитаси Конгресс биносида Президент қасамёди ва кечки базмни ўтказиш учун масъул. Тадбир Капитолийдан тортиб, Линкольн ёдгорлигигача чўзилган Миллий савдо маркази майдонигача қамраб олади.
Батафсил дастур бўйича ўтказиладиган маросим доирасида эрталаб сайланган Президент ва вице-президент оила аъзолари билан бирга черковга кириб, диний маросимда қатнашади, кейин Оқ уйга боришади. Ўша жойда истеъфога чиққан етакчи улар учун анъанавий чой зиёфати ташкил қилади.
Одатда Яшил ёки Қизил хонада ўтадиган ушбу тадбирда вице-президентлар ва уларнинг турмуш ўртоқлари иштирок этади.

Шундан сўнг иккала сиёсатчи ҳам бир хил лимузиннинг орқа ўриндиғига маълум бир тартибда ўтиради: лавозимни топшираётган давлат раҳбари ўнг,янги етакчи эса чап томонда. Рафиқалар учун бошқа машина ажратилади. Учинчи машинада вице-президентлар, тўртинчисида эса уларнинг умрн йўлдошлари жойлашади.
Автомобиль карвони Капитолийга етиб боргач, инаугурация маросими мажмуанинг ташқи томонида давом этади. Қасамёд қилишни ҳар доим вице-президент бошлайди, чунки лозим вазиятда сайланган давлат раҳбари лавозимини эгаллаш айнан унинг зиммасида.
Президент қасамёди анъанавий тарзда Олий суд Бош судьяси томонидан қабул қилинади. Бу жараён президентни сайлаган сайловчилар иштирокида, Конгресснинг собиқ ва ҳозирги аъзолари, Олий суд судьялари, дипломатлар ва бошқа юқори мартабали мансабдор шахслар гувоҳлигида кечади.
Сайланган Президент чап қўлини, анъанага мувофиқ, биринчи хоним ушлаб турадиган оилавий Инжилга қўяди, ўнг қўлини кўтаради ва мамлакат Конституцияси 2-моддаси 1-бобига биноан, 35 сўздан иборат қасамёдни ўқийди:
– Мен тантанали равишда қасамёд қиламан (ёки тасдиқлайман), мен Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимини содиқлик билан бажараман ва Қўшма Штатлар Конституциясини сақлаш, ҳимоя қилиш ва асраш учун бор кучимни сарфлайман.
Бу ваъда ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини ифодалайди.
Қасамёд қабул қилингач, Президент инаугурация нутқини ирод қилади. Шу тариқа янги етакчи Америка халқига ўзининг тўрт йиллик ҳаракат дастурини бевосита эълон қилади.
Америка миллий мадҳияси янграйди ва АҚШ рамзи бўлган байроққа содиқлик қасамёди ўқилади.
Кейин янги раҳбар олдинги Президентни Капитолийнинг Шарқий қаноти бўйлаб кузатиб боради, зинапояда фахрий қоровул саф тортади, майдонда Конгресснинг Инаугурация маросими бўйича қўшма қўмитаси аъзолари ҳам ҳозир бўлади.
2021 йил январда Дональд Трамп вориси Жо Байденнинг инаугурациясини ўтказиб юборган ва Эндрю Жонсоннинг 1869 йилдаги қилиғини такрорлаган.
Кўп йиллик анъанага кўра, лавозимини тарк этаётган Президент янги ҳамкасби учун Овал кабинетдаги президент столи тортмасида шахсий эслатма қолдиради. Мазмуни ошкор этилмайдиган бу мактубни фақат шу вазифани бажаришга киришган шахс ўқийди.
Хайрлашувдан сўнг Президент ва Конгресс аъзолари тантанали тушлик пайти норасмий биродарлик рамзи сифатида Капитолийга киради. Кейин Президент ва вице-президент мажмуанинг Шарқий зинасига боради ва ўша жойдан туриб қўшинни кўздан кечиради. Президент, Вице-президент, уларнинг турмуш ўртоқлари ва махсус меҳмонлар Президент минбари олдидан ўтаётган инаугурация парадини томоша қилади.
ЎзА мухбири С.Раҳимов тайёрлади.