АҚШ Эрон портларини блокада қилди
Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп мамлакат ҳарбийлари Эрон портларига нисбатан блокада бошлаганини билдирди. Таъкидланишича, бу қадам Ҳурмуз бўғози орқали халқаро денгиз ҳаракатини тиклаш ва Теҳронни музокараларга ундаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Можаро давомида Эрон бўғозни ёпиб қўйгани нефть бозорида кескин ўзгаришларга олиб келди. Илгари бўғоздан кунига 100 дан ортиқ кема ўтган бўлса, сулҳдан кейин ҳам бу кўрсаткич 40 та атрофида сақланмоқда.
Блокада бошланганидан кейин айрим нефть танкерлари йўналишини ўзгартириб, орқага қайтгани кузатилди. Британия денгиз хавфсизлиги хизмати бу чоралар Эрон соҳиллари ва порт инфратузилмасини қамраб олганини маълум қилди. Шу билан бирга, бошқа давлатларга тегишли кемалар учун транзит тўлиқ тўхтатилмаган, аммо ҳудудда ҳарбий фаоллик кучайган.
Экспертлар фикрича, Вашингтон бу орқали босимни ошириб, келишувга эришмоқчи. Трампга кўра, Теҳрон мулоқотга тайёр эканини билдирган. Айни пайтда воситачи давлатлар орқали янги учрашувлар муҳокама қилинмоқда.
Эрон эса кескин жавоб қайтарди: расмий баёнотларда Форс кўрфази ва Ўмон денгизи ҳудудидаги портлар хавф остида экани таъкидланди. Бу эса вазият янада таранглашиши мумкинлигини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА