АҚШ дунё бўйлаб 7340 кг қурол даражасидаги ядровий материални йўқ қилган
Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) техник кўмагида Венесуэла тадқиқот реакторидан йирик миқдорда юқори даражада бойитилган уранни зарарсизлантирди. Бу муваффақиятли амалиёт ҳақида Давлат департаменти хабар берган.
Апрель ойи охирида Венесуэланинг RV-1В-1 мажмуасидаги уран қадоқланди ва ташишга тайёрланди. Шундан сўнг юк тарихий "Атом тинчлик учун" дастури доирасида АҚШга етказилди. Аниқроғи, май ойи бошида мазкур ядровий материал Буюк Британия томонидан Жанубий Каролина штати Айкен шаҳридаги Саванна дарёси ҳудудига хавфсиз тарзда олиб ўтилди.
Жараёнда муҳим иштирокчи вазифасини бажарган МАГАТЭ мутахассислари техник тажрибасини ишга солиб, тўлиқ назорат олиб борди.
Давлат департаменти фикрича, "Қўшма Штатлар шу тариқа нафақат Америка, балки бутун дунё хавфсизлигини мустаҳкамлаган".
Умуман, ҳозиргача АҚШ бутун дунё бўйлаб 7340 килограммдан ортиқ қурол даражасидаги ядро унсурини муваффақиятли зарарсизлантиргани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Трамп Эрон ҳам бойитилган уранни Қўшма Штатларга топширишга тайёрлигини эълон қилган эди.
Г.Сатторова, ЎзА