Сўнгги кунларда АҚШ доллари курси пасайиб боряпти. Бу ҳолат яна давом этадими деган саволлар кўпчиликка қизиқ экан. Саросимага тушаётган баъзи юртдошларимиз долларини сўмлаштиришга киришган.
Ўзи курс нега тушяпти, кейинги ойларда курс бўйича қандай прогноз берилади? Бу ҳолат аҳоли ва бизнес учун қандай таъсир кўрсатади?
Иқтисодчи, Банк-Молия академияси бўлим бошлиғи Аминжон Мардонов ушбу саволларга жавоб берди.
— Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги даврда Ўзбекистонда доллар курсининг бироз пастлаши кузатилмоқда. Бу жараён бир неча омиллар билан изоҳланади. Аввало, Марказий банкнинг қатъий пул-кредит сиёсати муҳим рол ўйнади. Яъни, миллий валютани қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилаётган интервенциялар ва фоиз ставкаларини барқарорлаштириш жараёнлари курсни мувозанатга келтирди.
Иккинчи томондан, мамлакатга хорижий валюта оқимининг кўпайиши ҳам доллар курси пасайишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, экспорт тушумлари, меҳнат мигрантларининг юбораётган пул ўтказмалари ва хорижий инвестицияларнинг кўпайиши валюта бозорида таклифни оширди. Натижада талаб-таклиф нисбатида доллар нисбатан арзонлашди.
Шунингдек, глобал бозорлардаги айрим омиллар ҳам таъсир қилмоқда. Масалан, АҚШ Федерал резерв тизими фоиз ставкаларини секинлаштириши, минтақадаги ҳамкор давлатларнинг валюта сиёсати, нефть ва газ нархларининг барқарорлашуви ҳам долларнинг умумий глобал қийматига таъсир ўтказмоқда.
Агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, доллар курсининг кескин ўзгариши кутилмайди. Эҳтимол, қисқа муддатда курс яна пасайиши ёки барқарор даражада сақланиши мумкин. Лекин узоқ муддатли прогнозларда ташқи омиллар — хусусан, жаҳон молия бозоридаги тебранишлар, Ўзбекистоннинг импорт ҳажми ортиши ёки экспорт даражасидаги ўзгаришлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, кейинги 2–3 ойда доллар курси нисбатан барқарор қолиши, йил охирига келиб эса мавсумий омиллар сабабли яна ўзгариши мумкин.
Доллар курси пасайиши, бир томондан, импорт қилувчи корхоналар учун қулай имконият яратади, чунки улар маҳсулотларни арзонроқ валютада олиб келишлари мумкин. Иккинчи томондан, экспортёрлар учун тушумнинг миллий валютадаги қиймати камаяди, бу уларни самарадорликни ошириш ва харажатларни оптималлаштиришга ундайди. Аҳоли учун эса миллий валютага бўлган ишонч ортади, бу ички бозор барқарорлиги учун ижобий ҳолатдир.
<iframe width="914" height="523" src="https://www.youtube.com/embed/yTZVArRUCx0" title="AQSH dollari kursi pastlashining sabablari tushuntirildi. Keyingi prognoz qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА