АҚШ давлат котиби Самарқандга келди
АҚШ давлат котиби Марко Рубиони Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Марко Рубио Самарқандда “Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) форматидаги вазирлар учрашувида минтақадаги ҳамкасблари билан АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, эртага Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирокида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши ўтказилади. Мазкур тадбирда қатнашиш учун икки юздан ортиқ америкалик тадбиркорнинг Ўзбекистонга келиши АҚШ бизнес вакилларининг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Дунёдаги нуфузли оммавий ахборот воситалари Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва “C5+1” форматидаги учрашувни Вашингтоннинг минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва минтақадаги иштирокини кучайтиришга интилаётгани билан изоҳламоқда.
Ғ.Ҳасанов,
С.Ўрмонов (сурат), ЎзА