Трамп маъмуриятининг федерал ишчи кучини қисқартириш ҳаракати доирасида АҚШ Давлат департаментининг 1000 дан зиёд ходими ишдан бўшатилди.Хориж оммавий ахборот воситалари хабар беришича, хабарномада мажбурий қисқартириш рўйхатига 1107 давлат хизматчиси ва 246 нафар дипломат-ходим киритилган. 1500 ходим федерал ҳукуматни тубдан ислоҳ қилиш доирасида жорий йил бошидаёқ лавозимини ихтиёрий равишда тарк этганди.
Танқидчилар фикрича, оммавий ишдан бўшатиш иш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Қочоқларни Қўшма Штатларга жойлаштирадиган дастур - Аҳоли, қочқинлар ва миграция бюросининг, деярли, барча ходимлари қисқартирилди. Шунингдек, Давлат департаменти Афғонларни кўчириш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш бошқармаси (CARE) ходимлари ҳам камайтирилган.
Навбатдаги ишдан бўшатиш жараёни Трамп маъмуриятининг федерал ишчи кучини қисқартириш режаси амалга ошиши мумкинлиги ҳақида Олий суд томонидан эълон қилинган қарордан бир неча кун ўтгач содир бўлди. Бу жараён Президент Дональд Трампнинг сайлов олди кампанияси доирасида ҳукумат харажатини қисқартириш бўйича ваъдасининг бир қисми ҳисобланади.
Г.Сатторова, ЎзА