Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги таълим ва илмий-техникавий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, янги йўналишларда ривожланиб бормоқда. Араб тили ва адабиёти, исломшунослик, тиббиёт, туризм, иқтисодиёт каби анъанавий соҳалардаги ҳамкорлик билан бирга, бугунги кунда икки давлат “Ақлли шаҳар” лойиҳаларини жорий этиш борасида ҳам фаол ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу эса нафақат таълим ва фан соҳасида, балки инновация ва технологиялар йўналишида ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Ўзбекистонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ўрни беқиёс бўлиб, бу жараёнда “Ақлли шаҳар” концепциясини татбиқ этиш зарурати ортиб бормоқда. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари асосида ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини юксалтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент архитектура-қурилиш университети ректори в.б. Баҳром Тўлаганов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда дунё бўйлаб аҳоли сонининг кескин ошиб бориши урбанизация жараёнини тезлаштирмоқда. Бундай шароитда шаҳар инфратузилмасини самарали бошқариш, экологик муҳитни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ақлли технологиялар тобора кенг жорий этилмоқда. “Ақлли шаҳар” технологиялари транспорт тизимини оптималлаштириш, энергия сарфини камайтириш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ва фуқаролар учун қулай ҳаёт шароитини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кувайтнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш учун замонавий илмий-техник мажмуалар, бизнес-инкубаторлар ва стартап-акселераторларни ҳамкорликда яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташаббуслар илмий изланишлар самарадорлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларига илғор технологияларни жорий этишга қаратилган.
Олий таълим муассасаларининг ҳудудлар билан ҳамкорлиги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш имконини яратади. Бу эса “Ақлли шаҳар” лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялар ҳамда маълумотлар таҳлили орқали самарали бошқарувни таъминлашда муҳим омил сифатида намоён бўлади. Жорий йилда олиб борилган тадқиқотлар ва таҳлиллар натижасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган таклифлар орасида инновацион технологияларга асосланган “Ақлли маҳалла” лойиҳаси ҳам бўлиб, мазкур лойиҳа доирасида маҳаллаларни ривожлантириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш каби йўналишлар бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилмоқда.
Ҳудудий ривожланиш соҳасида Ўзбекистон Кувайт ҳамкорлик тажрибаларига таянган ҳолда бир қатор лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Кувайтда ақлли шаҳарлар яратиш бўйича бир нечта йирик лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, бу лойиҳалар, асосан, рақамли технологиялар ва яшил инфратузилмани бирлаштиришга қаратилган. Ақлли шаҳарлар кўпинча энергия самарадорлигини оширувчи тизимларга, қуёш панеллари ва энергия тежовчи қурилмаларга асосланади. Масалан, Кувайтда 2022 йилда ишга туширилган “Харир Cити” лойиҳаси энергия самарадорлиги ва экологик барқарорлик тамойилларига асосланган бўлиб, қуёш панеллари ва чиқиндини қайта ишлаш технологияларини ўз ичига олади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам Кувайт тажрибасига асосланган ҳолда 2030 йилгача рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда.
Ҳозирги вақтда шаҳарларнинг хавфсизлиги, экологик барқарорлиги ва самарадорлиги инсонларнинг қулай яшаши учун энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳам “Ақлли шаҳар” концепцияси ишлаб чиқилган ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда. “Ақлли шаҳар” концепцияси транспорт, экология ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади, уларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Масалан, тирбандлик ва транспорт муаммоларини бартараф этиш учун йўлларни сунъий интеллект асосида бошқариш, жамоат транспорти тизимини оптималлаштириш ва йўловчиларга қулай имкониятлар яратиш мумкин.
Шунингдек, ақлли кузатув камералари, таҳлилий дастурлар ва сунъий интеллект технологиялари жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳаво сифатини мониторинг қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича илғор технологиялар жорий этилмоқда. Натижада, ақлли шаҳарлар аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш билан бирга, барқарор ривожланиш тамойилларига ҳам хизмат қилади.
Атроф-муҳит мониторинги тизимлари ҳаво сифатини назорат қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Масалан, 2023 йилда Ўзбекистонда экологик мониторинг бўйича 50 та ақлли сенсор тизими ўрнатилиб, атроф-муҳитни назорат қилиш тизими йўлга қўйилган.
Рақамли бошқарув тизими орқали эса давлат хизматлари, шаҳар инфратузилмаси ва коммунал тизимлар автоматлаштирилган ҳолда бошқарилади. Масалан, Кувайт шаҳри бутунлай ақлли хавфсизлик тизимлари билан бошқарилади. Ушбу шаҳар сунъий интеллект ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, аҳолининг хавфсизлиги ҳамда қулайлигини таъминлашга эришди. Йўл ҳаракати тартибга солинган, жамоат жойлари видеокузатув остида, фавқулодда вазиятлар сунъий интеллект орқали олдиндан аниқланади ва тезкор чора кўрилади.
Худди шундай тизимни Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш мақсадида Тошкент архитектура-қурилиш университети томонидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Университет мутахассислари “Ақлли шаҳар” лойиҳаси доирасида тажрибалар олиб бормоқда. Дастлабки босқичда ҳудуднинг тизимлаштирилган тахминий кўриниши ишлаб чиқилиб, рақамли бошқарув тизими ва қуёш энергияларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари, хавфсизлик тизимлари, транспорт ва автотураргоҳлар, бизнес марказлари, чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.
Ўзбекистоннинг “Ақлли шаҳар” лойиҳаси барқарор шаҳар бошқаруви йўлидаги катта қадамдир. Янги Тошкент лойиҳаси эса мамлакатда ақлли шаҳарларни ривожлантиришнинг асосий босқичларидан бири бўлади. Ушбу лойиҳа инфратузилмани модернизация қилиш, инновацион ечимларни жорий этиш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА