APP: Покистон олимига Ўзбекистон университетининг фахрий профессори унвони берилди
APP (Associated Press of Pakistan) ахборот агентлиги Қарши шаҳридаги Иқтисодиёт ва педагогика университети томонидан Покистон Синд қишлоқ хўжалиги университети профессори Муҳаммад Исмоил Кумбҳарга фахрий профессор унвони берилгани ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, олим мазкур унвонга қишлоқ хўжалиги таълими, қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашган деҳқончилик соҳаларидаги хизматлари учун сазовор бўлган.
Синд қишлоқ хўжалиги университети ректори Алтаф Али Сиял ушбу эътирофни Покистон ва университет учун муҳим ютуқ деб баҳолаган. Муҳаммад Исмоил Кумбҳар Ўзбекистон университети жамоасига миннатдорлик билдириган.
APP агентлиги мазкур эътироф Ўзбекистон ва Покистон олий таълим муассасалари ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА