Аниқ ва табиий фанлар: сифатли таълим бериш масалалари муҳокамада
Андижонда “STEAM ёндашуви асосида аниқ ва табиий фанларни ўқитиш: муаммо, ечим ва камчиликлар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Андижон вилояти педагогик маҳорат марказида аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг замонавий қирраларига бағишланган ушбу анжуманда республикамиздаги турли таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий даражага эга мутахассислар ҳамда амалиётчи педагоглар иштирок этди.
Анжуман очилишида сўз олган Андижон вилояти педагогик маҳорат маркази директори Турсунали Турғунов, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Нодира Шотурсунова ва бошқалар томонидан мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, хусусан, аниқ ва табиий фанларни ўқитишда илғор ва замонавий услубларни жорий этиш, мазкур йўналишдаги педагоглар билим, малака ва маҳоратини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги. таъкидланди.
Анжуманда аниқ ва табиий фанларни ўқитишда янгича фикрлаш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Шунингдек, конференция давомида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамда бошқа таълим ва илмий муассасалар вакиллари ҳам ўзларининг маърузалари билан иштирок этди.
Маърузаларда аниқ ва табиий фанларни ўқитишдаги муаммо ва ечимлар, биологик кимё йўналиши ҳамда таълимнинг долзарб масалалари юзасидан илмий фикрлар илгари сурилди.


Анжуман ишида онлайн қатнашган Боку славян университети ва Озарбайжон университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шоҳисмоил Исмоилов ҳамда Озарбайжон давлат педагогика университети Губа филиали директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори Айсель Шейдаеванинг маърузалари иштирокчиларга мавзу доирасида Озарбайжондаги илмий ёндашув ва тажрибалар билан танишиш имконини берди.
Анжуман устоз педагоглар тажрибаси, олимларнинг илмий қарашлари ва амалиётчи педагогнинг изланишлари билан танишиш, таълимнинг бугуни ва келажаги ҳақида фикрлар илгари сурилган илмий мулоқот майдони сифатида иштирокчиларнинг билим, тажриба ва малакаларини оширишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири