Ангорлик 101 ёшли Марзия момо
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Ангор тумани Толлимарон маҳалласида истиқомат қилувчи Марзия момо бу йил 101 ёшни қарши олди. Бир асрдан зиёд умрни ортда қолдирган онахон бугун нафақат фарзандлари, балки невараю чеваралари учун ҳам ибрат мактабига айланган.
Марзия момони илк бор кўрган киши унинг 101 ёшга кирганига ишониши қийин. Онахон бугун ҳам тетик, бардам ва меҳнатсевар. Ҳали-ҳамон рўмолини белига маҳкам боғлаб, томорқа ишларига киришади, дарахтдаги меваларни теради, қўлидан келган ишни ҳеч кимга буюрмайди.
Яқинларининг айтишича, онахоннинг узоқ умр сири тинимсиз ҳаракат, меҳнатсеварлик ва шукроналикда мужассам. У ёшларга доимо меҳнат қилиш, сабр-қаноатли бўлиш ва оила қадрини билиш ҳақида насиҳат қилади. Шу боис хонадонда Марзия момонинг ўрни алоҳида.
[gallery-30280]
Марзия момо ҳаёти давомида турли синов ва машаққатларни бошдан кечирган. У мамлакатимиз мустақиллигидан олдинги оғир йилларни, чақалоғини бағрига босиб дала меҳнатига чиққан кунларини ҳануз эслайди.
Аср гувоҳи бўлган Марзия момо ҳаёти барчага бир ҳақиқатни эслатади: узоқ умрнинг сири ҳаракат, меҳнат ва эзгуликдадир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА