Ангорда гендер тенглик фаоллари сараланди
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови бўлиб ўтди.
Танловнинг туман босқичи ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириб, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш ва хабардорликни ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга ҳисса қўшган ташкилотларни аниқлаб, рағбатлантириш, ютуқларини эътироф этиш ва илғор тажрибасини оммалаштиришга қаратилди.

Унда тумандаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган иштирокчилар “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” ва “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ташкилот” номинацияларида қатнашиб, ташкилот ва идораларида эркаклар ҳамда хотин-қизлар тенглигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларини тақдим этди.

Танлов якунида “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” йўналишида “Аёл ва шодлик” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ташкилот” номинациясида туман ички ишлар бўлими ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди.

Ғолиблар танловнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири