Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик тўйи олдидан “Маҳалла обод – юрт обод!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида уюшқоқлик билан бўлиб ўтмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашарида вилоят аҳолиси фаол иштирок этиб, ўзлари яшаётган маҳаллалар, меҳнат қилаётган жамоа, таълим олаётган муассаса ҳудудларини, болалар майдончалари, кўчалар, ҳиёбонлар, ариқ, зиёратгоҳ ва қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.
Хайрия ҳашари вилоятнинг ҳар бир гўшаси озодалиги ва орасталигини, покиза ва ободлигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомий-лигининг ёрқин намунаси бўлмоқда.
Ҳашарнинг биринчи кунидаги ободонлаштириш ишларида 283 минг нафарга яқин кишининг қатнашиши кўзда тутилган.
– Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами олдидан маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтмоқда, – дейди Андижон вилояти маҳаллалар уюшмаси раҳбари Муҳаммаджон Нишонов. – Айниқса, ободонлаштирилиши зарур бўлган қатор ҳудудларда ишлар уюшган ҳолда ташкил этилади. Умуман, ҳашар давомида вилоятнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштиририш ишлари амалга оширилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларларга моддий ёрдамлар кўрсатилади.
[gallery-18887]
Ҳашар давомида ободонлаштириладиган объектлар, амалга ошириладиган ишлар ҳар бир маҳалла бўйича белгилаб олинди.
Ўтаётган ҳашарда, умуман, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда вилоят аҳолиси фаол иштирок этмоқда.
– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан биридир, - дейди Андижон шаҳридаги “Найзақайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нематулло Чўлиев. – Шу боис ҳам, ҳашарда барча юртдошларимиз қатори маҳалламиз аҳолиси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ҳайрия хашарида мустақиллик байрами тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.
Республика маҳаллалар уюшмаси вилоят бўлимидан олинган маълумотларга кўра, ўтказилаётган ҳашар давомида белгиланган ер майдонлари ободонлаштирилади, ариқ ва лотоклар тозаланади, чиқиндилар чиқариб ташланади, дараҳтлар оқланиб, шакл берилади. Бу ишларни бажариш учун зарур техника воситалари жалб этилади. Бундан ташқари, 4 минг 600 га яқин кўча, 88 зиёратгоҳ, 843 та қабристон тозаланиши, вилоят бўйича 1 минг 696 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирлаб берилиши режалаштирилган.
Хайрия ҳашари вилоятнинг барча ҳудудларида, хусусан, 1 минг 800 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектида уюшқоқлик ва фуқароларнинг фаол иштирокида ўтмоқда.
– Маҳалламиздаги Таълим, Сойбўйи, Порлоқ кўчалари, шунингдек, “Халфачек”, қабристонини тозалаш, ободонлаштириш ишларида ёшу кекса фаол қатнашмоқда, – дейди Балиқчи туманидаги Халфачек маҳалласи, Порлоқ кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Мирзаабдулло Мирзааҳмедов. – Аждодларимиз мангу қўним топган, тириклар учун ибрат маскани бўлган қабристонларни ободонлаштириш энг хайрли ва савобли ишлардан бири, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.
Ҳашар давомида маҳалланинг 2,6 километр йўлини асфальтлашга тайёрлаш, янги қудуқ қазиш, 4 километр масофага янги сув тармоғи тортиш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам маҳалла аҳолиси яқиндан ёрдам бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, миллий қадриятларимизни улуғлашга, юртимиздаги ахиллик, меҳр-оқибат, тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳамда Мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА