Андижонлик 106 минг 697 абитуриент ОТМда ўқиш истагини билдирган
Олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонларини ўтказишга Андижон вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонларини ўтказишга Андижон вилоятида ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Бу йилги қабул мавсумида вилоятдан 106 минг 697 абитуриент ОТМда ўқиш истагини билдириб, ҳужжат топширган. Уларнинг 96 минг 57 нафари тест синовларини вилоятда топширади.
Вилоятда тест синовларини ўтказиш учун Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда “Баркамол авлод” стадионлари танлаб олинди.
Айни кунда тест синовларини коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳамда онлайн транслация қилинган ҳолда видеокузатув остида ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, тест синови ўтказиладиган ҳудудларнинг кириш жойида антисептик воситалар билан жиҳозланган столлар ва биринчи тиббий муолажа пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси ҳозирлаб қўйилади.

Тест синовлари ҳудудига киришдан олдин абитуриентлар дезинфекция йўлагидан ўтказилади. Уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, ҳар бири алоҳида янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланади. Ҳудудга киришда тана ҳарорати 37 даражадан юқорилиги аниқланган абитуриентлар тест синовларига киритилмайди. Бу ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, абитуриент шифокор ва бошқа мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, тиббий текширувдан ўтказилган ва коронавирус касаллиги аниқланмаган абитуриентлар учун имтиҳонлар республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг алоҳида ўтказилади.
Абитуриентлар тест синовлари бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб, abitur.dtm.uz сайтида ўз логин ва паролини киритиб, шахсий кабинетга кириб, рухсатномасини кўчириб олиб, принтердан чоп этиб, паспорти билан рухсатномада белгиланган сана ва вақтда тест синовларига келиши лозим бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Андижонда тест синовларини нафақат адолатли ва шаффоф бўлишини, балки абитуриентларнинг соғлиғи, шунингдек, жараённи юқори савияда ўтишини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар амалга оширилади.
Рустам АЗИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази
Андижон вилоят бўлими бош мутахассиси