Андижонда халқаро теннис турнири якунланди
Андижон шаҳрида ITF тақвимидан ўрин олган "J30 Andijan Cup" халқаро теннис турнири бўлиб ўтди.
Қизлар ва ўғил болалар ўртасида ўтказилган турнирда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз, Хитой, Ҳиндистон сингари 10 дан ортиқ мамлакатдан келган 112 нафар теннисчи иштирок этди.
Яккалик ва жуфтлик баҳслар асосида қизлар ва ўғил болалар ўртасидаги мусобақалар қизғин курашларга бой бўлди.


Мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларда юртдошимиз Элёрбек Каримов биринчи ўринга сазовор бўлди.
Жуфтлик баҳсларда эса юртдошимиз Никита Ғофуров ва қозоғистонлик Жонтура Санжар ули ғолибликни қўлга киритди.


Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларда беларуслик Виктория Нахибович барча рақибаларидан устун келиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Жуфтлик ўйинларда ҳам Беларусь Республикаси вакиллари - Виктория Нахибович ва Станислава Андреева ғолиб бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири