![](https://cdn.uza.uz/2022/09/25/06/05/aSmWBHwiyxNp1ON4djYQIGJpzKgjGIbL_normal.jpg)
Андижонда вилоят ҳокими соврини учун шахмат мусобақасининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, қолаверса, аҳоли ва ёшларнинг спортга, хусусан шахматга бўлган қизиқишларини, шунингдек, ақл ўйинининг оммавийлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокими соврини учун эркаклар ўртасида ўтказилаётган шахмат мусобақасида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳаваскор шахматчилар иштирок этмоқда.
Умумий соврин жамғармаси 15 миллион сўмни ташкил этган мусобақанинг маҳалла, туман, шаҳар босқичларида 600 нафардан зиёд шахматчи қатнашди.
Марҳамат туманидаги Эркин Воҳидов номли шахмат мактабида ўтказилган мусобақанинг туман босқичида 50 нафарга яқин иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Қизиқарли ва муросасиз баҳслар якунига кўра, энг юқори натижага эришган беш нафар қатнашчи мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олди.
– Мусобақа ташкил этилганидан хурсандман, – дейди Бобухуросон маҳалласида яшовчи Алимардон Расулов. – Ўйинлар қизиқарли, муросасиз ўтди, мен ҳам ғолиблар қаторида вилоят босқичига йўлланма олдим. Энди вилоят босқичида имкониятимни синовдан ўтказаман.
Мусабақа туман босқичи ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 80 нафар иштирокчи вилоят босқичида иштирок этади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА