Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Айниқса, бугун тинч-осойишта ҳаётимиз, Қурбон ҳайитининг чиройли тарзда ўтаётганлиги учун ҳар бир юртдошимиз қалбида шукроналик туйғуси жўш урмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 майдаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, байрамни тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Қурбон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар амалга оширилди.
Маълумки, ҳайит байрами муносабати билан халқимизнинг хайру саховат, меҳр-оқибатга йўғрилган ишлари кўлами янада ортади. Айни кунларда вилоятнинг ҳар бир маҳалласида бу каби эзгу амаллар олиб борилмоқда, имконияти чекланган, якка ёлғиз яшовчиларга хайру саховатлар кўрсатилмоқда.
Вилоятдаги ҳайит намозлари ўқиладиган масжидларда байрамга пухта ҳозирлик кўрилди. Муборак байрам кунида халқимиз, фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юртдошларимизнинг ибодат қилиши, зиммаларидаги диний амалларни адо этиши учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди.
Бугун Қурбон ҳайити намози вилоятдаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилди. Масжидларда намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.
Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиор ва паннолар ўрнатилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги барча масжидларда Қурбон ҳайити намози кўтаринкилик билан ўқилди, байрам шукуҳи эса аҳоли кайфиятини янада кўтармоқда.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири