Андижонда “Келажак лидери” ва йўналиш координаторлари сайланди
Андижон давлат университетида вилоят “Келажак” маркази ташаббуси билан Ўқувчилар кенгашининг вилоят босқичи сайлови ўтказилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида “Келажак лидери” ҳамда етти йўналиш бўйича координатор этиб сайланган 128 нафар ўқувчи иштирок этди.
Сайлов давомида номзодлар ўз дастурларини тақдим этиб, келгусида амалга оширишни мўлжаллаган лойиҳалари, ташаббуслари ва устувор вазифалари ҳақида сўз юритди. Иштирокчилар уларнинг таклифлари билан танишиб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз берди.
Овоз бериш натижаларига кўра, энг кўп овоз тўплаган ўқувчилар вилоят “Келажак лидери” ва етти йўналиш бўйича координаторлар этиб сайланди. Ғолибларга ишонч ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур сайлов ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, етакчилик қобилияти, мустақил фикрлаш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, у ёшларнинг ўз ташаббусларини илгари суриши, тенгдошлари манфаатларини ифода этиши ва жамоавий қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этиши учун имконият яратади.
[gallery-32296]
Ўқувчилар кенгаши фаолияти эса ёшларнинг ташкилотчилик қобилиятини юксалтириш, уларни масъулиятли ва ташаббускор етакчилар этиб тарбиялашга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА