Андижон шаҳрида информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаби иш бошлади.
Вилоятда IT соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда ёш, малакали кадрлар таёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳарларда “Рақамли технологиялар ўқув марказлари” ташкил этиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган. Aндижон, Хонобод шаҳарлари, Булоқбоши, Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Бўстон, Улуғнор, Қўрғонтепа ва Марҳамат туманларида рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, барча туман ва шаҳарларда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 16 та “Digital-School” ташкил этилди.
[gallery-1005]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Андижон шаҳридаги 54-умумтаълим мактаби негизида ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаби ташкил этилиб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
Таянч мактаб зарур жиҳоз, компьютер техникалари ҳамда адабиётлар билан тўла таъминланди. Тест синовидан муваффақиятли ўтган мактабнинг илк ўқувчиларига пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА