Андижонда “Ҳоким академияси” онлайн таълим платформаси иш бошлади
Андижон шаҳридаги “Digital City” технологик паркида вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳоким академияси” онлайн таълим платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мутасаддилар, мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, унинг имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Жумладан, “Ҳоким академияси” онлайн платформасининг мазмун-моҳияти, мақсади ва аҳамияти хусусида гапирди.
– Ижтимоий тенгликка асосланган мазкур таълим платформаси барча фойдаланувчилар учун тенг имкониятлар яратади, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Масалан, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг барчаси ҳам ҳам олий ўқув юртига киришга тайёрланиш учун репетитор ёки пуллик курслар хизматидан фойдаланиш имконига эга эмас. Эндиликда улар мазкур платформадан фойдаланган ҳолда онлайн машғулотларда қатнашиб, олий ўқув юртига кириш учун бепул тайёрланиши мумкин.
Энг асосийси, мазкур таълим платформаси ўқувчиларга, абитуриентларга, хорижий тилларни ўрганувчиларга ҳамда малака оширишни истаган ўқитувчиларга яқин кўмакчи бўлади. Уларнинг вақтини, маблағини тежайди.
[gallery-8808]
Биринчи босқичда платформа доирасида тўртта йўналишда онлайн машғулотлар ўтказилади. Бунинг учун Андижон шаҳридаги “Digital City” технологик паркида замонавий ва энг сўнгги русумдаги технологияларни ўз ичига олган “Jafinga” махсус студияси ташкил этилди, машғулотлар ўтказиш, дарсларни онлайн платформага жойлаб бориш учун зарур барча шароитлар яратилди.
Платформа доирасида умумтаълим мактаби ўқувчиларини Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрлаш, абитуриентларни олий ўқув юртларига кириш учун тайёрлаш, чет тилларини ўргатиш ҳамда ўқитувчилар учун малака ошириш йўналишларида мутахассислар томонидан онлайн машғулотлар ташкил этилади.
– Бугунги кунга қадар онлайн таълим платформа машғулотларида қатнашиш учун 20 минг 283 нафар киши рўйхатдан ўтди, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Саматов. – Уларнинг 6 минг 868 нафари абитуриентлар тайёрлаш, 7 минг 166 нафари Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрлаш, 2 минг 508 нафари хорижий тилларни ўрганиш ва 3 минг 741 нафари малака ошириш йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган. Рўйхатдан ўтиш жараёни давом этмоқда.
Онлайн машғулотларни олиб бориш учун профессор-ўқитувчилар, ўз соҳасининг тажрибали, малакали мутахассислари жалб этилади.
Мутахассислар томонидан тадбир қатнашчиларига онлайн платформани ўтказилиш тартиблари ҳақида маълумотлар берилди, машғулотлар студияси билан танишилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА