Андижонда илк марта буйракни кўчириб ўтқазиш жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Илгарилари юртимизда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмас, шу боис, беморлар катта маблағ эвазига хорижий мамлакатларда даволанар эди. Кейинги йилларда тиббиёт соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда буйрак кўчириб ўтказиш, жигар ва ўзак ҳужайра амалиётларини амалга ошириш йўлга қўйилди.
Ўтган қисқа вақт ичида юртимизда 700 дан ортиқ ана шундай операциялар муваффақиятли бажарилди. Сурункaли буйрaк eтишмoвчилиги бўлгaн бeмoрлaр сoнини кaмaйтириш, уларни самарали даволаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундaй бeмoрлaрни дaвoлaшнинг самарали усулларидан бири бу – буйрaк трaнсплaнтaцияси ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ушбу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг асосийси, юртимизда бажариладиган ана шу операциялар баҳоси хориждагидан қарийб 10 баробар арзон.
Ана шу йўналишдаги ишлар самараси ўлароқ, Андижонда ҳам мураккаб буйрак жарроҳлик амалиётини амалга ошириш йўлга қўйилди. Андижон вилояти Шаҳрихон тумани яшовчи бемор Б.Ҳ. бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги хасталигидан азият чекарди. Хорижга бориб операция қилдириш учун оиласининг молиявий имконияти етишмайди. Унга Андижоннинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказиш таклифи билдирилди. Оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, беморга ўз укасининг буйрагини кўчириб ўтқазишга келишилди. Бемор – буйрак олувчи (реципиент) ва соғлом – буйрак берувчи (донор) тиббий текширувлар, яъни бир-бирига мутаносиб эканлиги, шунингдек, қон гуруҳлари, ДНК ва яна кўплаб зарур тиббий текширув тадбирлари ўтказилди.
Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Исмоилов раҳбарлигида Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Андижонлик малакали шифокорлар иштирокида 2 босқичли операция бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Яъни беморнинг укасидан соғлом буйрак олиниб, акасининг касал бўлиб, ўз вазифасини бажармаётган буйраги ўрнига қўйилади. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Энди буйрак кўчириш операциясига муҳтож андижонлик беморлар Тошкентга ёки хорижга боришлари шарт эмас. Бу каби мураккаб операцияларни ўтказиш Андижоннинг ўзида йўлга қўйилганлиги юртимиз тиббиётининг ютуқларидан биридир.
[gallery-6814]
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА