Андижонда бир оилада тўрт эгизак чақалоқ дунёга келди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилоятидаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида қувончли воқеа юз берди. Бу ерда бир она тўрт нафар эгизак чақалоқни дунёга келтирди.
Шифокорлар маълум қилишича, она ва чақалоқларнинг саломатлик ҳолати қониқарли бўлиб, улар мутахассислар назорати остида парвариш қилинмоқда.
[gallery-29870]
Андижон шаҳрининг Ғайрат маҳалласида яшовчи Одинахон Муҳаммаджонова бир йўла тўрт фарзанд – уч ўғил ва бир қиз чақалоқни дунёга келтирди. Бу қувончли воқеа оила учун унутилмас бахтли кунга айланди.
Туғруқ Андижон шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида қабул қилинди. Муассасада кўп ҳомилали ва юқори хавфли ҳомиладорлик ҳолатларида оналар ҳамда чақалоқларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Марказда замонавий туғруқ, реанимация ва неонтология бўлимлари фаолият юритиб, мураккаб ҳолатларда ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА