Андижон вилоятида мавжуд 882 та маҳалладаги 556 мингдан зиёд хонадонда 30 ёшдан юқори бўлган 700 минг нафардан зиёд аёл истиқомат қилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– 2021 йил давомида “Аёллар дафтари” рўйҳатига киритилган ижтимоий муҳофазага муҳтож, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ногиронлиги бор, уй-жойи таъмирга муҳтож, нотурар жойда яшаётган, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож аёллар билан аниқ ва манзилли ишлар олиб борилди, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мавлудахон Низомова. – Бу борада амалга оширилган ишлар ижобий самаралар берди.
[gallery-5550]
Жумладан, вилоятда биринчи ва иккинчи босқич “Аёллар дафтари” ни шакллантириш бўйича ўтказилган хатлов якунларига кўра 75 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга ёрдам кўрсатилди ва улар дафтардан чиқарилди. Шунингдек, 19 мингдан зиёд тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун 236 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, кам таъминланган, уй-жой, яшаш шароитини яхшилашга муҳтож 335 нафар аёл имтиёз асосида уй-жой билан таъминланди. Яшаш уйлари таъмирга муҳтож бўлган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 255 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Вилоятда жорий йилда ҳам мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва режа асосида амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Учинчи босқич “Аёллар дафтари” ни шакллантириш бўйича ишлар якунига етказилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда “Аёллар дафтари” га киритилиши режалаштирилаётган 24 минг нафардан зиёд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилади. Уй-жойга муҳтож 200 нафардан ортиқ хотин-қизларга янги уй-жой олиши учун бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Умуман, вилоятда “Аёллар дафтари” га киритилган аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган ишлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА