Андижонда 75 минг нафардан зиёд болажон 1- синфга қабул қилинди
Бугун 2026-2027 ўқув йилининг бошланиши – “Билимлар куни” муносабати билан бутун юртимизда бўлгани каби Андижон вилоятидаги умумтаълим, Президент, ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда нодавлат мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш жараёнига илғор иш услублари, педагогик технологиялар, хорижий тажрибаларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида таълим тизимида эришилаётган ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Жорий ўқув йили олдидан Андижон вилоятидаги 98 та мактабда қурилиш-таъмирлаш, реконструкстия ишлари амалга оширилди. Жумладан, инвестиция дастури доирасида 22 та мактабда бажарилган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари натижасида ана шу таълим масканлари қиёфаси бутунлай янгиланди. Умуман, бу йил мактабларда таҳсил оладиган 650 минг нафарга яқин ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур барча шарт-шароит яратилди.
[gallery-31201]
Янги ўқув йилида вилоят бўйича жами 75 минг 613 нафар болажон 1-синфга қабул қилинди. Уларга 12 хил турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Андижон шаҳридаги 31- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида сўз олган Андижон шаҳар прокурори Фарҳодбек Раҳмонов ўқувчи ва педагогларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этиб, Президентимизнинг “Билимлар куни” муносабати билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Андижон шаҳридаги 31- умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароит яратилган.
– Янги ўқув йилидан мактабимизга 416 нафар болажон 1-синфга ўқишга қабул қилинди, – дейди ушбу мактаб директори Севарахон Умаралиева. – Умуман, жорий йилда мактабимизда 3 минг 600 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 200 нафардан зиёд педагоглар таълим-тарбия беради. Хусусан, ўтган ўқув йилида мактабимизни тамомлаган 284 нафар битирувчидан 72 фоизи давлат, нодавлат ҳамда хорижий олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Жорий ўқув йилида бу кўрсаткични юз фоизга етказишни мақсад қилганмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Билимлар куни муносабати билан мактаблар ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригида “...Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ay-ti”,, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир.
Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир”, деган гаплари бизни янада фаол ишлашга руҳлантиради.
Биз мактаб педагогик жамоаси ўқувчиларга пухта ва сифатли таълим бериш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Ўқувчилар, айниқса, мактаб остонасига илк қадам босган биринчи синф ўқувчиларида унутилмас таассуротлар қолдирган биринчи қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча мактабларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
“Биринчи қўнғироқ” тадбирларида “Президент табриги” ўқиб эшиттирилди, дарслар “Келажак соати” машғулотлари билан бошланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари