Давлат Кадастр агентлиги ҳамда Кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан вилоятда хонадонларни хатловдан ўтказиш ва ҳуқуқий ҳужжатлаштириш ишларининг бориши билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида мазкур жараён амалга оширилаётган Асака ва Шаҳрихон туманларига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар иштирок этди. Унда иштирокчилар 2024 йил 5 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишди.
Дастлаб пресс-тур қатнашчилари Асака туманидаги Баҳрин маҳалласида бўлди. Вилоят кадастр бошқармаси туман филиали мутахассисларининг хонадонма-хонадон юриб, хатлов ишларини амалга ошириш жараёнлари билан танишди. Жараёнда мутахассислар белгиланган тартибда ерларни ўлчаш, бино-иншоотлар ҳудудини аниқлаш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, хатловнинг мақсади, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини кенгайтириш юзасидан фуқаролар билан суҳбат, мулоқотлар ўтказди.
– Маҳалламиздаги 700 дан ортиқ хонадонда 4 минг 300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Баҳрин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зафарбек Раҳмонов. – Шу кунларда кадастр идораси мутахассислари уйма-уй юриб, хатловдан ўтказмоқда. Кадастр ҳужжатлари бўлмаган хонадонларга белгиланган тартибда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан бирга, ноқонуний эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотлар аниқланиб, уларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича зарур бўладиган ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Тан олиб айтиш керакки, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, бу борадаги ҳуқуқий муаммоларини бартараф этишга қаратилган хатлов жараёни фуқароларга катта қулайлик яратмоқда.
Сўнг пресс-тур иштирокчилари вилоят кадастр бошқармаси Шаҳрихон туман филиалида бўлиб, хатлов жараёнининг кейинги босқичи – хатлов давомида тайёрланган ҳужжатларни “UZKAD” миллий кадастр тизимига киритиш ҳамда “E’tirof” автоматлаштирилган ахборот тизимига юклаш жараёнлари билан танишди. Ушбу жараённинг шаффоф, қонуний ва белгиланган тартиблар асосида олиб борилаётганлиги кузатилди.
Шундан сўнг мазкур филиалда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси доирасида вилоятда олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, Асака, Шаҳрихон туман филиаллари мутасаддилари томонидан юқорида қайд этилган қонуннинг мазмун-моҳияти, қонун ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Жорий йилда вилоятимизнинг 292 та маҳалласидаги хонадонларни хатловдан ўтказиш ва ҳуқуқий ҳужжатлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Ҳозирга қадар 59 минг 768 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Уларнинг 37 минг 33 таси “UZKAD” миллий кадастр тизимига киритилди. Шунингдек, 22 минг 110 та объект “E’tirof” автоматлаштирилган ахборот тизимига юкланди. Ҳозирда 19 минг 325 та объект бўйича ҳужжатлар тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
[gallery-25453]
Шунингдек, анжуманда қонунга кўра, ер ва биноларни қонунийлаштириш тартиблари, тўловлар миқдори ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган хатлов жараёни аҳолининг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, ер ва биноларни давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштиришга хизмат қилаётганлиги, фуқароларга катта қулайлик яратаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзу доирасидаги саволларига мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА