Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан “Инсон қадри улуғланаётган юртда йўлсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида пресс-тур ўтказилди.
Тизим мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирокидаги пресс-тур қатнашчилари дастлаб, “Янги Андижон” шаҳрига олиб борувчи “Андижон айланма йўли”да амалга оширилаётган ишлар ишлар билан танишди.
– “Янги Андижон” шаҳрига олиб борувчи умумий узунлиги 10,7 километр бўлган 4Р-130 “Андижон ҳалқа йўли” автомобиль йўлидаги қурилиш ишлари “Андижон йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан олиб борилмоқда, – дейди Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси умумий бўлим раҳбари Санжарбек Ашуров – Ушбу объектнинг қурилиш смета лойиҳаси 201 миллиард 618 миллион сўмдан зиёд бўлиб, 2021-2022 йилларда 70 миллиард 935 миллион сўмдан ортиқ ҳажмдаги ишларни бажариш бўйича шартнома тузилган. Айни кунда йўлнинг 20-29 километр қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар объектда 41 миллиард 723 миллион сўмдан зиёд миқдордаги ишлар бажарилди.
Бугунги кунда объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ана шу ишларни бажариш учун 60 га яқин турли техника воситаларидан фойдаланилмоқда.
Шундан сўнг пресс-тур қатнашчилари Хўжаобод туманидаги асфальт-бетон ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Ўтган йилнинг ёзида юз берган табиий офат туфайли Булоқбоши ва Марҳамат туманларини туташтириб турувчи Аравонсой устига қурилган кўприк яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Пресс-тур қатнашчилари “Хўжаобод-Булоқбоши-Кулла-Ўқчи” автомобиль йўлининг 19 километрида жойлашган мазкур объектда табиий офат оқибатларини бартараф этиш, кўприкни қайта қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Умумий лойиҳа қиймати 7 миллиард 540 миллион сўм бўлган мазкур кўприк қурилиши Андижон кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар 4 миллиард 152,6 миллион сўм миқдоридаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, талофот кўрган кўприк демонтаж қилинди, таянч учун 36 та қозиқ қоқилиб, кўприк балкаларини монтаж қилишга тайёр ҳолга келтирилган. Шунингдек, кўприк икки тарафида ён қирғоқ қисмини мустаҳкамлаш ишлари бажарилган.
Мутахассислар томонидан мазкур кўприк қурилиши белгиланган муддатда, сифатли якунига етказилиши таъкидланди.
Мутасадди ва мутахассислар томонидан иштирокчиларга жорий йил давомида вилоятда 239,7 километр масофадаги автомобиль йўлида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши, умуман, вилоятда йўлсозлик соҳасида режалаштирилган кенг кўламли ишлар хусусида маълумот берилди.
[gallery-7684]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА