Андижон вилоятида ҳудудий стратегия лойиҳаси муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудудни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Сессияда Кенгаш депутатлари, тармоқ идоралари раҳбарлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг ўринбосари Тоҳиржон Сафаров иштирок этиб, Стратегия лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор мақсадлар ва уларга эришиш механизмлари бўйича тақдимот ўтказди.
Таъкидланганидек, “Андижон – 2030” стратегияси “Ўзбекистон – 2030” умуммиллий тараққиёт стратегиясининг узвий давоми бўлиб, Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ҳужжат вилоят ҳокимлиги ва соҳа идоралари билан ҳамкорликда тайёрланиб, унда вилоят ривожланишининг 70 дан ортиқ аниқ мақсади белгилаб берилган.

Хужжатнинг устувор вазифаларидан бири барқарор иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш. Ишсизлик даражаси 4 фоиздан ошмайдиган меъёрда сақланади, вилоят иқтисодиёти 1,8 баравар, яъни 15,8 миллиард долларга ўстирилиб, аҳоли жон бошига даромад 4,1 минг долларга етказилади. Ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, IT соҳасида 24,2 минг нафар ёш иш билан таъминланади, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 350 минг нафар ёш замонавий касбларга ўқитилади.
2030 йилга қадар вилоятда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш, кўрсаткични 0 % га тушириш вазифаси қўйилган. Аҳолига ёрдам умумий эмас, манзилли тарзда ташкил этилади, ҳар бир эҳтиёжманд оила билан алоҳида ишланади. Хотин-қизларни иш ва даромадга жалб этишга алоҳида урғу берилиб, эҳтиёжмандликдан чиқариладиган аёллар сони 2,6 баравар камайтирилади.

Ҳар йили 12,5 минг хонадонли уй-жой барпо этилиб, аҳоли жон бошига уй-жой майдони 19,9 квадрат метргача оширилади. Йилига 3 500 километр автомобиль йўллари таъмирланади, транспорт тирбандлигини камайтириш ва “ақлли шаҳар” бошқарув тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.
Мактабгача таълим қамрови 87,8 фоизга, олий таълим қамрови 65 фоизгача оширилади. Соғлиқни сақлаш соҳасида ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшдан 78 ёшгача узайтирилиб, барча тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади, соҳага йўналтириладиган маблағлар кўпайтирилади.

Сессияда таъкидланганидек, “Андижон – 2030” стратегияси “мақсад — ҳаракат — натижа” занжири асосида қурилган, ҳар бир кўрсаткич бўйича масъул ижрочи, муддат ва молиялаштириш манбаи аниқ белгиланган. Ҳар бир туман учун унинг муаммолари ва ривожланиш имкониятларини қамраб олувчи алоҳида “ҳудудий паспорт” ишлаб чиқилади.
Стратегия ижроси Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали кузатиб борилади. Бу эса ҳар бир фуқарога ислоҳотлар қандай бораётганини реал вақтда, очиқ кузатиш имконини беради. 2028 йилда оралиқ, 2031 йилнинг биринчи чорагида якуний баҳолаш ўтказилади, ҳар йили эса мустақил тадқиқотлар натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Муҳокама якунида ҳужжат лойиҳаси маъқулланиб, уни белгиланган тартибда амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди. “Андижон – 2030” стратегияси уч миллиондан зиёд вилоят аҳолининг фаровон келажагига қаратилган аниқ дастур бўлади.
Ҳудудий ривожланиш стратегиялари муҳокамаси мамлакатимизнинг барча вилоятларида изчил давом эттирилмоқда.
Стратегиянинг олдинги дастурлардан асосий фарқи, ҳар бир мақсад бўйича масъул идора, амалга ошириш муддати, аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва молиялаштириш манбалари белгилаб қўйилганидир. Стратегиянинг бош мақсади эса аҳоли фаровонлигини оширишга, яъни ҳар бир оила турмуш даражасида сезиладиган аниқ ўзгаришларга қаратилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА