Андижон тарихининг кўзгуси
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи юртимиз тарихи, халқимиз, умуман, туркий халқларнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундайдиган маскан ҳисобланади.
Бу музей юртимиздаги музейлар орасида ўз нуфузи ва салоҳиятига эга илмий маърифий маскан саналади. Музей дастлаб 1934 йилда қишлоқ хўжалик кўргазмаси базасида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги тегишли қарори билан Андижон вилояти Ўлкашунослик ҳамда Андижон вилояти Адабиёт ва санъат музейлари бирлаштирилиб, унинг негизида қайта ташкил этилган. Бугунги кунда музейнинг таркибида 1 та филиал, 4 бўлим фаолият юритади.



1982 йилга келиб, музей янги, замонавий ва ҳар томонлама қулай бинога эга бўлди. Бугунги кунда музей биноси ноёб архитектура ёдгорлиги ҳисобланади. Музей биносининг бош фасадига ўрнатилган декоратив маҳобатли бўртма тасвир Санкт-Петербург бадиий комбинатидан таклиф қилинган ҳайкалтарошлар жамоаси томонидан ишланган бўлиб, ХХ аср охирларига хос бетакрор деворий санъат асари сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунда музей фондларида 156 мингдан зиёд бебаҳо археологик асоратидалар, ранг-тасвир асарлари, нумизматика, этнографияга оид экспонатлар, шунингдек, ўзбек халқи тарихининг муҳим босқичларини ўзида акс эттирган ноёб архив маълумотлари, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, фотоматериаллар сақланмоқда.

Таркибида 50 мингдан ортиқ ашёни сақлаб келаётган музейнинг археология фонди илк палеолит давридан бошлаб, ХV асргача бўлган даврни қамраб олган. Андижонда 200 дан ортиқ манзилгоҳлар очиб ўрганилган бўлиб, Далварзинтепа, Эйлатан, Мингтепа, Ғайраттепа, Султонобод, Қўрғонтепа,Чордона, Шўртепа, Чордона ва Лўмбитепа, Хилла-ариқ ва бошқалар шулар жумласидандир. Археология фонди ушбу манзилгоҳларда турли йилларда олиб борилган экспедицияларда топилган буюмлар ҳисобига шаклланган.
Музейнинг қўлёзмалар фонди 1 минг 500 атрофидаги нодир экспонатлардан таркиб топган бўлиб, улар исломий суд жараёнига оид ҳужжатлар, тарих, фиқҳ, табобат, риёзиёт, диний ва дунёвий мазмундаги араб, ўзбек, форс ва турк тилларида битилган қўлёзма ва тошбосма китобларни ўз ичига олган.
Ноёб қўлёзмаларни йиғиш ва сақлашда шарқ халқлари тарихи ва адабиётининг ихлосманди, араб-форс тиллари билимдони, 1917–1927 йилларда Андижон шаҳар халқ таълими қошидаги кутубхона мудири сифатида фаолият юритган Абдували Мақсудов (Вали Мақсудий)нинг хизматлари ниҳоятда катта.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг фонди йиллар давомида нодир тасвирий санъат асарлари билан тўлдириб борилган. Музей хазинасида йигирманчи аср ўрталаридан ҳозирги кунгача яратилган Ўзбекистон тасвирий санъатининг 1000 дан зиёд ранг-тасвир ва графика асарлари ҳамда ҳайкалтарошлик намуналари сақланади.
Музейнинг тасвирий санъат бўлимини шаклланишида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, Тошкент, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Жиззах шаҳридаги адабиёт музейлари ҳамда қўлёзмалар институтининг ташкил этилишига раҳбарлик қилган Ҳамид Сулаймоновнинг хизматлари катта бўлган.
Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллик юбилейи арафасида Ҳамид Сулаймонов Андижон шаҳридаги Жоме меъморий мажмуасида Тошкентдаги Адабиёт музейининг Андижон филиалини очиш таклифини илгари сурган. Ана шу таклиф асосида вилоят раҳбарларининг амалий ёрдами билан шаҳардаги ташландиқ ҳолатдаги, иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинганлар учун ётоқхоналарга айлантирилган мадраса ҳужралари бўшатилиб, капитал таъмирдан чиқарилди. Шу тариқа 1974 йилда Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллик юбилейи олдидан Тошкент адабиёт музейининг Андижон филиали очилди.
Янги ташкил этилган филиалда экспозиция ташкил қилиш учун Тошкентдаги адабиёт музейи фондидан шоир ва ёзувчиларнинг, олимларнинг портретлари, Алишер Навоий, Бобур ҳаёти ва ижодига оид тасвирий санъат асарлари ажратилади.

Бугунги кунда музей фондида сақланаётган нодир тасвирий санъат асарлари орасида юртимиз ранг-тасвирчи мусаввирларининг кучли жиҳатларидан бири бўлган портрет жанри алоҳида ўрин эгаллайди. Музей фаолиятининг кейинги даврларида ҳам “Рассом” бадиий-ижодий ишлаб чиқариш комбинати кўмаги билан музей фонди тасвирий санъат асарлари билан тўлдириб борилган.
Халқ ҳунармандчилиги, этнография ҳамда тасвирий санъат коллекцияларининг шаклланиши музейда “Халқ амалий ва тасвирий санъати бўлими”ни очилишига асос бўлди. Бугун мазкур бўлимда миллий анъанавий кулолчилик, каштачилик, заргарлик, пичоқчилик, гиламдўзлик санъати, ёғоч ўймакорлиги санъатига оид кўплаб буюм ва экспонатлар ўрин олган.
Шунингдек, музей фондидан Андижон вилоятининг тарихига оид ҳужжатлар, фотосуратлар, вилоятда яшаб, ижод қилган таниқли олимлар, адабиётшунослар, маданият ва санъат усталарининг шахсий буюмлари ва мукофотлари ҳам жой олган.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи кейинги йилларда капитал реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, инфратузилмаси тубдан янгиланди. Замонавий, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, ташриф буюрувчилар учун кенг қулайликлар яратилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқлв (сурат), ЎзА мухбирлари.