ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги Президент мактабида 2024/2025 ўқув йили якуни муносабати билан “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу таълим даргоҳида ўқув жараёнлари халқаро стандартларга мос равишда хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “STEAM-таълим” дастури асосида, тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Бу эса математика, физика, кимё, биология, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тил каби фанларни чуқур ва замонавий услубда ўргатиш имконини бермоқда. Бундай таълим формати ўқувчиларда креатив фикрлаш, мустақил изланиш ва юқори даражадаги билимга интилиш компетенцияларини шакллантирмоқда.
Мазкур мактаб 2021 йил октябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 168 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу йил 24 нафар ўқувчи мактабни муваффақиятли тамомлади.
[gallery-24017]
Битирувчиларнинг барчаси 100 фоизлик натижа билан халқаро IELTS имтиҳонидан муваффақиятли ўтди. Энг юқори балл 8.0, энг паст балл эса 7.0 ни ташкил этди. Шунингдек, 19 нафар ўқувчи халқаро SAT имтиҳонида юқори кўрсаткични қайд этди. Шунингдек, битирувчиларнинг кўпчилиги қатор хорижий олий таълим муассасаларига қабул қилингани ва йирик грантлар ютгани ҳам эътиборга молик.
Бу каби натижалар Андижон шаҳридаги Президент мактабининг халқаро даражадаги сифатли таълим марказига айланаётганидан далолатдир. Илм ва билимни устувор қадрият сифатида тарғиб қилаётган ушбу масканда етишиб чиқaётган ёшлар нафақат юртимиз, балки жаҳон таълим фазосида ҳам ўз ўрни албатта, топажак.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА