Анда Филип: Ёшларни қарор қабул қилишга кенг жалб этиш орқали самарали сиёсатни ишлаб чиқиш мумкин
Самарқанддаги Конгресс марказида давом этаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясида иштирок этаётган Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Бош котиби Анда Филипнинг тадбир ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик:
– Бизга шундай юксак меҳмондўстлик ва саховат билан мезбонлик қилаётган Президент жанобларига, парламент раҳбарияти ва вакилларига, шунингдек, Ўзбекистон халқига чуқур миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Асрлар давомида цивилизациялар, мулоқот ва маданиятлар алмашинуви чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳри дунёнинг турли бурчакларидан ёш парламент аъзоларини бир жойга жамлаш учун ниҳоятда муносиб макондир.
Ёшларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида муносиб ва мазмунли ўрин эгаллаши жуда муҳим. ПИ Ёш парламент аъзолари форумининг «Биз ҳақимизда қарорлар бизсиз қабул қилинмасин» деган шиорига тўлиқ қўшиламан. Бу, аввало, адолат ва сиёсий ҳуқуқлар масаласидир. Шу билан бирга, ёшларни қарор қабул қилиш жараёнига кенг жалб этиш орқали барча учун янада самарали сиёсат ва яхшироқ натижаларни ишлаб чиқиш мумкин.
Ўн иккинчи бор ўтказилаётган мазкур конференция ПИ томонидан ташкил этиладиган энг динамик ва келажакка йўналтирилган тадбирлардан бири ҳисобланади. У бизга янги ғоя ва ёндашувларни синаб кўриш, уларни бутун ПИ фаолияти учун илҳом манбаига айлантириш имконини беради.
Ушбу конференция ПИнинг жорий йилда инсон ҳуқуқларига қаратаётган эътибори учун муҳим нуқталардан бири бўлиб қолади. Дарҳақиқат, мазкур тадбир бу саъй-ҳаракатларнинг асосий йўналишларидан биридир.
Ёшлар нуқтаи назари келажакка йўл кўрсатадиган кўплаб соҳаларда бўлгани каби, бу ердаги муҳокамалар ҳам ПИнинг кейинги тадбирлари ва ташаббуслари учун муҳим йўналишларни белгилаб беради.
Ёш парламент аъзолари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадини ПИнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси орқали амалга ошириши ҳам мумкин. Мазкур қўмита ўз мандатини амалга ошириш доирасида, жумладан, кўплаб ёш парламент аъзоларига нисбатан содир этилган таъқиблар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини кузатиб боради. 2025 йилнинг ўзида қўмита парламент аъзоларига нисбатан содир этилган инсон ҳуқуқлари бузилишига оид мингдан ортиқ индивидуал ҳолатни кўриб чиқди.
Қўмита фаолияти бизга муҳим ҳақиқатни эслатади: сайланган вакилнинг овози бўғилса, бу нафақат унинг ҳуқуқларига, балки бутун демократик вакиллик тизимига ҳам таъсир қилади.
Ёш парламент аъзолари ўз парламентларида ва халқаро майдонларда парламент аъзоларига оид инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини кўтариш орқали мазкур қўмита фаолиятини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Ёш парламентарийларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси каби халқаро органлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши ҳам мақсадга мувофиқ.
Норгул Абдураимова,
ЎзА