Бўзатов иқтидорларни чорлайди!
“Ёшлар овози” танловига рўйхатдан ўтиш бошланди.
Ушбу танлов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган. Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтган йили ўтказилган ушбу танлов 3 мингга яқин ёшларни бирлаштира олди.
Катта фестивалга айланган танловнинг якуний босқичига Қоралпоғистон Республикасининг Бўзатов тумани мезбонлик қилган эди. Қайта ташкил топган, навқирон туман сифатида майдонга чиққан Бўзатов туманининг овозаси биргина танлов орқали бутун республикага ёйилди. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан сараланган 87 нафар ёш айнан шу масканда жам бўлган эдилар. Овоз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳакамлар ҳайъати аъзолари 21 нафар ёшни ғолибликка муносиб кўрган эди. Ғолиблар ўз ўринларига қараб, 50 миллион, 25 миллион ҳамда 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланган эдилар.
Шуни айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси номидан қатнашган 6 нафар иштирокичининг 5 нафари танлов якунида ғолибликни қўлга киритишга мушарраф бўлган эди.
Ўтган йилги мавсум ҳақида сўз борганда айтиш керакки, ҳудудий кастинг босқичларида ҳар бир иштирокчининг чиқиши тўлиқ тасвирга олиниб, танловнинг телеграмдаги расмий каналларига жойлаштирилди. Шунингдек, танловнинг республика босқичида ҳам шундай йўл тутилди. Мақсад эса танловда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳеч бир эътирозларга ўрин қолдирмаслик эди. Танловнинг ҳудудий кастинг босқичида ўта олмаганлар учун эса иштирокчи ёшларни рағбатлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратилди.
Танлов ҳақида сўз борганда унинг мадҳияси ҳақида ҳам тўхталиш жоиздир. Таниқли эстрада юлдузлари билан биргаликда мавсум иштирокчилари томонидан куйланган ушбу мадҳия тез фурсатлар ичида оммалашди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги “Бўзатов бизни кут!” каби флешмоблар ҳам ёшларни танловга бўлган қизиқишини ортишига ҳисса қўшди.
Бу йил танлов Низомига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги боис, унда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар уч ёш тоифасида (10-15 ёш, 16-22 ёш ва 23-30 ёш) иштирок этадилар. Ўтган йили эса 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 3 та йўналиш -анъанавий ижро ва бахшичилик, опера, эстрада каби йўналишларнинг бирида қатнашиш имкониятига эга эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lLlCJRtfrGM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Бу йил танлов йўналиши биттага ортиб, анъанавий ижро ва бахшичилик йўналишлари икки йўналишга ажратилди. Бу ҳам иштирокчилар учун ўз овоз имкониятларини синаб кўриш ва истеъдодларини намоён этиш учун яна бир афзалликдир. Шунингдек, танлов ҳар бир маҳалладан бошланиб, сектор, туман, вилоят ва республика босқичларини ўз ичига олади. Олис ҳудуддан тортиб яқин манзилларда яшаётган ҳар бир ёшнинг овози, иқтидори рағбатсиз қолмаслигини таъминлаш, уларнинг истеъдодлари бўй кўрсатиши учун замин ҳозирлаш бош мақсаддир.
Янги овозларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиш учун кенг йўл очиб беришга оид танловнинг якуний босқичи бу йил ҳам Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўрин соҳиби 50 миллион, иккинчи ўрин эгаси 30 миллион ва учинчи ўрин совриндори 20 миллион сўмдан пул мукофотига сазовор бўлади. Шунингдек, республика босқичининг қолган иштирокчилари 10 миллион сўмдан рағбатлантирилади.
Танловда иштирок этишни истаган ёшлар телеграмдаги @YoshOvozBot орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.
Қўшимча маълумотларни танловнинг ижтимоий тармоқларидаги расмий каналлари ҳамда маҳаллалардаги Ёшлар етакчиларидан олиш мумкин.
ЎзА