Анадолу: Туркия илк бор бошқарувсиз амфибия ҳужум техникасини намойиш этди
Туркиянинг “FNSS” мудофаа компанияси “TEKNOFEST Mavi Vatan” денгиз мудофааси кўргазмасида “I-ZAHA” номли бошқарувчисиз модулли амфибия ҳужум воситасини намойиш этди.
Ушбу янги ишланма аввалроқ муваффақиятли синовдан ўтган ва Туркия ҳарбий-денгиз кучлари сафига қабул қилинган экипажли “ZAHA” ҳарбий машинаси негизида ишлаб чиқилди. Компания бош директори Селим Байбаснинг таъкидлашича, ғоя пайдо бўлганига атиги олти ой бўлганига қарамай, мутахассисларнинг тинимсиз меҳнати эвазига лойиҳа қисқа фурсатда ҳаётга татбиқ этилди.
Янги модел тўлиқ автоном бошқарув тизимига эга бўлиб, кўплаб мураккаб ҳарбий вазифаларни бажаришга мослаштирилган.
Таъкидланишича, “I-ZAHA” амфибияси аскарларни тушириш амалиётларида инсон ҳаётини хавфга қўймасдан ва таҳликали топшириқларни бажариш учун мўлжалланган. Ҳарбий машина масофадан туриб “даста” (swarm) режимида бошқарилади.
“FNSS” раҳбарияти маҳсулотнинг биринчи босқич етказиб бериш ишлари якунлангани ва кейинги туркумларни ишлаб чиқариш уч сменада жадал давом этаётганини билдирди. Бундан ташқари, компания халқаро бозорда ушбу сегментда жиддий рақобат йўқлигидан фойдаланиб, янги амфибияларни Туркиянинг иттифоқчи мамлакатларига экспорт қилишни ҳам режалаштирмоқда.
(Ушбу мақола ЎзА ва Анадолу ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Ф.Яхшибоева, ЎзА