“Анадолу” Эмина Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифини ёритди
“Анадолу” ахборот агентлиги Туркия Президенти рафиқаси Эмина Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи давомидаги тадбирлари ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёрати ҳақида материаллар эълон қилди.
Агентлик Туркий биринчи хонимининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистонга ташрифи юзасидан қолдирган фикрларини келтирган. У мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган янги ташаббусларга ҳисса қўшишига умид билдирган.
Нашрда Самарқандда ўтказилган болалар фаровонлигига бағишланган жаҳон саммити, “Imkon” реабилитация маркази ва махсус мактабгача таълим муассасаси бешинчи филиалининг очилиши ҳамда Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга оид ислоҳотлар кўргазмасининг ташкил этилиши муҳим воқелик сифатида эътироф этилган.
Шунингдек, агентлик Эмина Эрдўғоннинг Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёрати акс этган алоҳида видеони ҳам эълон қилди.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА