Ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида мулоқотни давом эттирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида мулоқотни давом эттирдилар.Унда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида жадал тараққий этмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томонлама асосда ҳамда БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу халқаро майдонда бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини ҳимоялаш имконини беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган. Иқтисодиётни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлида бир-бирига елкадош бўлиб келмоқда.
Бугун икки мамлакат ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқига жорий йилги мурожаатида Қозоғистонни модернизация қилишнинг учинчи босқичи белгилаб берилди.
Қозоғистон мамлакатимизнинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади.
Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда.
2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу икки томоннинг салоҳиятига мос эмаслиги, савдо айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.
Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган, Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани транспорт коммуникациялари тармоғини янада кенгайтиради. Ҳудудлараро алоқалар савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини сақлаб қолган ҳолда уни диверсификация қилиш, экспорт-импорт ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва тадбиркорлик субъектлари кооперациясини ривожлантиришга келишиб олинди.