“AMIRSOY”: Энди мажмуанинг иккинчи босқич ишлари бошланади
Мамлакатимиз туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур лойиҳани ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш учун давлат томонидан зарур инфратузилма ва тармоқларни барпо этишда кўмак берилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 августдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти мажмуасини кенгайтириш ва лойиҳанинг 2-босқичини амалга ошириш ишлари давом эттирилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Лола Раҳмонбоева бу ҳақда шундай маълумот берди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрь куни “Amirsoy” тоғ-чанғи курорт мажмуаси барпо этишнинг 2-босқичи тўғрисида 414-Ф сонли фармойиши қабул қилинди, – деди Л.Раҳмонбоева.
– Унга асосан лойиҳа ташаббускори ҳамда у томонидан жалб этилган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 75 миллион евро бўлган ушбу мажмуанинг 2-босқичида қуйидаги ишлар бажарилади.
Хусусан, 2400 ўринга мўлжалланган 4 ресторан, 105 ўринли хоналар фондига эга бўлган “4 юлдузли” меҳмонхона, 101 ўринли хоналар фондига эга бўлган “5 юлдузли” меҳмонхона, офислар ва савдо майдонаридан иборат 500 ўринга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ, осма йўллар, тоғ-чанғи кўтаргичлар, 16,8 км. узунликдаги тоғ-чанғи трассалари, тоғ спорти, чанғи ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш шохобчаларига эга бўлган кўп тармоқли марказ, бассейнлар ва хордиқ чиқариш ҳамда дам олишнинг мавсумий турларини ташкил қилиш учун махсус майдонларни барпо этиш кўзда тутилган.
Мамлакатимиз туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур лойиҳани ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш учун давлат томонидан зарур инфратузилма ва тармоқларни барпо этишда кўмак берилади.
Лойиҳа ташаббускорига қурилиш-монтаж ишлари ва келгусида лойиҳани эксплуатация қилиш жараёнида ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш, шунингдек, фаолиятнинг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш бўйича масъулият юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, “Amirsoy” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 2019 йил декабрь ойида осма йўллар, чанғи трассалари ва жойлаштириш воситаларини барпо этишни ўз ичига олган “Amirsoy” тоғ-чанғи курорт мажмуаси барпо этилган эди.

