Амир Темур - буюк давлат арбоби ва енгилмас саркарда
Навоий гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш мақсадида 9 апрель – Амир Темур таваллуди муносабати билан “Амир Темур – буюк давлат арбоби ва енгилмас саркарда” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Таъкидланганидек, юртимиз мустақилликка эришгандан кейин улуғ аждодларимиз, буюк мутафаккирларимизга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатила бошланди. Айниқса, буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг меросини ўрганиш янги босқичга кўтарилди. Бу беназир зотга бағишланган кўплаб илмий, илмий-оммабоп, бадиий санъат асарлари яратилди, халқаро анжуманлар ўтказилди, унинг номи билан боғлиқ оммавий ташкилотлар тузилди, музейлар очилди.



– Ёшларимизни ҳақиқий ватанпарварлик, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда буюк саркарда Амир Темурнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолияти, ҳарбий меросини ўрганиш ҳамда ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Навоий вилояти ишчи органи етакчи мутахассиси Фурқат Жўраев. – Амир Темур қурган давлат, аввало, ўзида сиёсий тизимнинг энг яхши шаклини мужассамлаштирган давлатлардан бири бўлган дейиш мумкин. У ўзигача бўлган давлатлардан фарқ қиладиган марказлашган буюк давлат тизимини яратган. Давлат раҳбарининг қаттиққўл, тадбиркор, ниҳоятда адолатли, лекин раҳмдил, инсонпарвар, ҳалол, пок бўлишини кўрсатиб, ҳаётда адоват эмас, балки адолат енгади, деб ҳисоблади.


Тадбир давомида буюк саркарда Амир Темурнинг ҳаёти, сиёсий ва ижтимоий фаолияти, темурийлар даври давлатчилиги, давлат тизимини мустаҳкамлаш ҳамда бошқаришдаги тартиб-интизом, мамлакат ҳимоясини таъминлаш борасида темурийлар даврининг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, ҳарбий қисм аскарлари ҳам “Темур тузуклари”нинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири