Амир Темур бошқаруви даврида табиатга муносабат
Буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Ўтказилаётган илмий-маърифий давра суҳбатлари, учрашувларда улуғ аждодимизнинг буюк тарихимизда тутган ўрни, адолат пешвоси сифатида ўзини намоён этгани алоҳида эътироф этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида ҳам Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Амир Темур бошқаруви даврида табиатга муносабат, экологик маданиятнинг тарихий илдизлари мавзусида сўз юритилди.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан Темурийлар даврида табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тамойиллари, шунингдек, экологик маданиятнинг шаклланиш жараёнлари ҳақида қизиқарли фикрлар билдирилди.
Жумладан, Тошкент давлат тиббиёт университетининг тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Наврўз Рўзиев ўз маърузасида “Амир Темур ва Темурийлар даврида ер-сув муносабатлари” мавзусини кенг очиб берди. Ўша даврда ердан унумли фойдаланиш, ирригация тизимларини ривожлантириш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишга қаратилган сиёсатнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Шунингдек, университет ўқитувчиси ва илмий тадқиқотчи Сарвар Ботиров “Амир Темур даврида экологик маданиятнинг шаклланиши: тарихий таҳлил ва таълимий аҳамият” мавзусида сўз юритиб, Темурийлар даврида шаклланган экологик қарашлар бугунги кунда ёш авлодни тарбиялашда муҳим ўрин тутиши, экологик онгни юксалтиришда тарихий меросдан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Тадбир давомида эътибор қаратилган масалалар тарихий меросни чуқур ўрганиш, жамиятда экологик маданиятни юксалтиришда буюк аждодларимиз тажрибасини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА