Трамп Евроосиёда АҚШ миллий манфаатларини мустаҳкамлаши мумкин. Бу ҳақда “The Diplomat” журнали таҳлилий ҳисоботида таъкидланган.
Бу борада аллақачон дастлабки қадамлар ташланган: АҚШ воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик битими имзоланди - бу халқаро сиёсатда муҳим ютуқ.

Келишув доирасида “TRIPP” транспорт коридори лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Экспертлар фикрича, янги маршрут АҚШнинг стратегик аҳамиятга эга Кавказ минтақасига таъсирини таъминлайди.Таъкидланишича, Америка етакчилигида барпо этилаётган “TRIPP” “Ўрта йўлак” – Хитой чегарасидан Қора денгизгача бўлган транспорт артериясини ривожлантиришнинг асосий элементига айланиши мумкин. Бу йўналиш Россия, Эрон ва Афғонистонни четлаб ўтиб, Марказий Осиёдан минераллар, энергия ресурслари ва бошқа товарларни экспорт қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Сиёсий тадқиқотчилар фикрича, ушбу муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун Қўшма Штатлар бу сафар Марказий Осиёда иккинчи дипломатик ҳаракатни бошлаши керак. Тўғри, Россия ва Хитой АҚШ ва Европани Марказий Евроосиёдан “сиқиб чиқаришга” интилмоқда. Асосий савол - Қўшма Штатлар ушбу стратегик муҳим минтақада муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашда Хитой билан рақобатлаша оладими?

Мақола муаллифининг ёзишича, миллий манфаатларни мустаҳкамлаш ва минтақада жиддий рақобатчига айланиш учун Трамп Марказий Осиёга ташриф буюриши у ерда “C5+1” форматининг 10 йиллиги муносабати билан Марказий Осиёнинг барча беш раҳбари иштирокида саммит ўтказиши керак. Йиғинга ҳақиқатан ҳам кенг миқёсли таъсир кўрсатиш учун у Озарбайжон, Арманистон ва Грузия етакчиларини ҳам таклиф қилиши ва минтақадаги муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашда АҚШнинг иштирокини чуқурлаштиришга қаратилган янги узоқ муддатли инвестиция стратегиясини тақдим этиши мумкин.

– Биринчи қадам, муҳим минераллар бўйича Трамп АҚШнинг Евроосиё географиясидаги стратегик ўрнини қайта кўриб чиқиши, сўнгра Қўшма Штатларнинг минтақага таъсирини кучайтиришга қодир бўлган йиллар давомида реал сармояларини киритишидир, -дейилади мақолада.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА