Амалий ўқ отиш машғулоти ташкил этилди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус дала ўқув майдонида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларидаги умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари иштирокида бир кунлик амалий ўқ отиш машғулоти ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Машғулотлар давомида ўқувчилар ҳарбий тайёргарлик бўйича эгаллаган назарий билимларини амалий ва кўргазмали машғулотлар орқали мустаҳкамлаб, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш тартиби ҳамда хавфсизлик қоидалари билан яқиндан танишди.
Хусусан, ўқув нуқталарида гранаталарни улоқтириш, автомат ўқдонини патрон билан ўқлаш, аниқ мўлжалга олишни ўрганиш, турли ҳолатлардан қуролни отишга тайёрлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби машқлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан бажарилди.
Биринчи маротаба қуролдан амалий ўқ отиш машқларини бажарган ёшлар 100 метр узоқликда турган нишонларга қарата 3 донадан ўқ узиб, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фанидан олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.