Хабарингиз бор, 2 ва 23 февраль кунлари пойтахтимизда футзал бўйича Ўзбекистон ва Аргентина терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Анашу ўйинлар олдидан бугун "Hilton" меҳмонхонасида терма жамоалари бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз термаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов асосий эътиборни 2016 йилги жаҳон чемпионатига нисбатан айни пайтда таркиб сезиларли равишда ёшартирилганлиги, шу ёшларни жаҳон чемпионати олдидан синаб олиш, тажрибасини янада ошириш мақсадида дунёнинг айни пайтдаги энг кучли термаси билан куч синашиш, бундан ташқари бутун дунёда ҳукм сурган пандемия шароитига қарамай мамлакатимиз футболи мутасаддилари Марокаш, Эрон каби футзали ривожланган терма жамоаларига қарши майдонга тушишга имконият яратиб берганлиги учун ЎФАга миннатдорлик билдиришга қаратди.
Аргентина термаси бош мураббийи Матиас Раул Осиё қитъасининг энг кучли терма жамоаларидан бири билан баҳслашаётганлигидан, иккита учрашувнинг ўзиёқ аргентиналикларнинг Ливанда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини бажара олишидан мамнун эканлигини билдирди.
[gallery-981]
Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз ўйин услубига эга эканлиги, жамоанинг техник ва тактикасида аввал фаолият олиб борган испаниялик мураббийнинг изи борлигини, рақиб жамоа ҳам Колумбиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этганлиги, даражаси ҳам шунга мос равишда баланд эканлигини таъкидлаб, агар Ўзбекистон сафарининг фойдали томонини кўрмаганида таклифни қабул қилмаган бўлишлигини таъкидлади.
Б.Аҳмедов шогирдларининг орасида аввалги мундиалда иштирок этганлардан Дилшод Раҳматов, Даврон Чориев, Жавлон Аноров, Рустам Умаров ва Илҳом Алибоев бу гал ҳам таркибга киритилганлигини, қолганларнинг барчаси ёшлар эканлигию, мана шундай учрашувларда уларни кўрикдан ўтказмаса яна қачон текшириш имкони бўлишини гапирди. Рақибнинг имкониятлари ҳақидаги саволга эса Аргентина майдонда шошмаслигини, ҳар қандай натижада ҳам сабр билан охирига қадар хотиржам ўйнай олишини, ўйинни яхши назорат қилишларини, мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга интилишларию, тартибга қатъий амал қилишларига урғу берди.
Матиас Раул Люсюкс маҳаллий журналистлар саволларига батафсил жавоб беришдан эринмади. Пандемия Аргентинада ҳам ҳукм сурганлигини, чемпионат етти ой «дам олганлигини», шунга қарамай барибир якунда чемпионатни охирига етказишганлигини, Ўзбекистоннинг Эронга қарши ўтказган икки учрашувини кўриб, таҳлил қилганлигини, ўзбекистонликлар ҳимоя ва ҳужумда жуда ҳам тажовузкор ўйнашларини, бир сўз билан айтганда, рақибнинг техник ва тактик ҳаракатлари ўзлариникига ўхшаб кетишини ва бу ҳолат уни мамнун қилаётганлигини таъкидлади.
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА