Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида “Миллий алла фестивали”нинг вилоят босқичи ўтказилди.
“Эсга тушса онам алласи” мавзусида ўтказилган мазкур танлов миллатнинг бебаҳо мулки саналган, халқ амалий педагогикасининг муҳим воситаси бўлган аллани кенг оммалаштиришга қаратилган. Маълумки, жамиятда ижтимоий-маърифий, маданий ташаббусни илгари суришга қаратилган ушбу тадбир Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши томонидан ташкил этилди. Асосий мақсад ўзбек тили, мусиқий оҳангининг бетакрор жозибасини алла орқали бола руҳиятига сингдириш, уларни баркамол этиб тарбиялашда оналарнинг масъулиятини оширишдан иборатдир.
Шу муносабат билан алланинг бола тарбиясидаги аҳамиятини таҳлил этишга қаратилган “Эсга тушса онам алласи” мавзусида ташкил этилган танловда 9 та туман ва шаҳардан иштирокчилар қатнашди. Партия депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг яхши алла матни”, “Энг яхши алла ижроси” ва “Энг яхши алла ҳақида ҳикоя” каби шартларда хотин-қизларнинг маҳорати синовдан ўтказилди.
Тадбирда депутат аёллар ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, партиянинг Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Орзигул Абдураҳмонова ўзбекча ва тожикча алла намуналарини ижро қилиб берди.
Маълумки, Тошкент вилояти кўп миллатли ҳудуд ҳисобланиб, аҳоли дўстона, меҳр-оқибат, қадриятларга ҳурмат руҳида яшайди. Шу боис, танловда айтилган аллалар ҳам турли тилда, бирдек таъсирчанлик билан айтилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринга Паркент туманидан Зилола Арслонова лойиқ топилди. Пискент туманилик Гулмира Хайдарова иккинчи, Қуйи Чирчиқдан Аширгул Маманазарова эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.